Россиялик ишбилармон, USM Holdings асосчиси Алишер усмонов Халқаро қиличбозлик федерациясининг (FIE) президенти лавозимига қайта сайланди, деб хабар берди Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси.

Федерация раҳбарлигига сайлов 27 ноябрь куни Швейцариянинг Лозанна шаҳрида бўлиб ўтган. Конгресс бир йил аввал ўтказилиши керак эди, бироқ коронавирус пандемияси сабаб кейинга қолдирилган эди.

Делегатлар 2008 йилдан бери FIE раҳбари сифатида фаолият юритиб келаётган Алишер Усмонов номзодини бир овоздан қўллаб-қувватлашган. У ушбу лавозимга 2012 ва 2016 йилларда ҳам сайланган эди.

Сайлов якунларига кўра Ўзбекистон вакиллари ҳам ташкилотнинг бир қатор бўлимлари таркибий қисмига кирди. Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси Бош котиби Гулнора Саидова тарғибот қўмитаси, Токио-2020 Олимпиадасида реферилик қилган Аида Ҳасанова эса ҳакамлар қўмитаси таркибига киритилди.

Конгрессда шунингдек, 2023 йилда қиличбозлик бўйича жаҳон чемпионатини ўтказиш учун номзод сифатида Тошкентнинг тақдимоти ҳам намойиш этилди.

Тақдимотни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустан Шоабдураҳмонов ҳамда Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раҳбари Гулнора Саидова ўтказди. Бироқ, якунда жаҳон чемпионатини Миланда ўтказишга қарор қилинди.