Uzauto Motors компанияси 10,7 трлн сўмлик (МБнинг 22 февралдаги курсига кўра, 993,5 млн АҚШ доллари атрофида) янги автомобиль сотиб олганлик учун йиғим ва утилизация йиғими тўламаган бўлиши мумкин. Бу ҳақда иқтисодчи Отабек Бакиров ёзди. Депутат Расул Кушербаев ҳам бу борада ахборот олишга ҳаракат қилиб кўрди, бироқ, унга яна шахсан танишиш учун «махфий» маълумот тақдим этишди.

2020 йил 1 августдан бошлаб Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган автотранспорт воситаларига утилизация йиғими жорий этилганди. Отабек Бакировнинг қайд этишича, ўтган 1,5 йил давомида Ҳукуматнинг бюджет бўйича очиқ маълумотларида ҳам, Солиқ ва Молия органларининг ахборотларида ҳам утилизация йиғими бўйича ундирилган тўловларнинг миқдорлари бирон марта очиқлангани йўқ.


Унинг ҳисоб-китобларига кўра, Uzauto Motors 2020 йил август-декабрь ойлари учун қарийб 2,5 трлн сўм, 2021 йил учун эса камида 5,3 трлн сўм миқдорида утилизация йиғими тўлаши лозим эди. Бу фақат Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган (Spark, Nexia, Gentra ва бошқа) автомобилларга тааллуқли. Uzauto Motors`нинг чайқовчилик фаолияти — импорт қилиб сотилаётган (Malibu, Tracker, Traverse, Trailblazer, Equinox df Tahoe) автомобиллар бўйича тўланиши лозим бўлган утилизация йиғими бу ҳисобга кирмайди.

Иқтисодчи бу ҳақда на Ҳукумат, на Молия вазирлиги, на Солиқ қўмитаси ахборотларида маълумот йўқлиги, ваҳоланки, ҳажми бўйича утилизация йиғими ҳажми бўйича бюджетга тушадиган бешинчи ўриндаги тўлов ҳисобланишини таъкидлади.

«Бирор жойга бир сўм ўтказиб қўйса, айюҳаннос соладиган Uzauto Motors’нинг ўзи ҳам жим. Фалон триллион сўм утилизация йиғими тўладик, деб жар солишган бўларди, агар росмана тўлашганида. Қолаверса, 2021 йил прогнозларида монополист тўлаган солиқларнинг жами бюджет даромадларидаги улуши 1,5% атрофида ёки 2,5 трлн сўм бўлган. 2021 йил учун утилизация йиғимининг ўзи эса камида 5,3 трлн сўм. Фарқини сезаётгандирсиз.», — деди Отабек Бакиров.

Унинг фикрича, «жорий қилинаётган турли солиқ ва йиғимлар Uzauto Motors каби ҳукуматнинг арзандаларига келганида ишламай туради, бошқаларга нисбатан эса қўлланилади». «Яъни шу ҳолда ҳам Uzauto Motors учун ноқонуний қулайлик, қолганларга эса рақобатни синдирувчи ҳаракатлар рўй беради», — деди у.

2019 йил 1 октябрдан бошлаб мамлакатда ишлаб чиқарилган янги автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун 3 фоизлик йиғим автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчилари томонидан тўланиши белгиланганди. Мазкур тўлов 2021 йилнинг 31 декабрига қадар амалда бўлган.

Ҳисоб палатаси Uzauto Motors 2020 йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида давлат бюджетига 582,6 млрд сўм йиғимни тўламаганини ва йиғим тўлашдан озод этишни белгиловчи имтиёзни қайта кўриб чиқиш кераклигини хабар қилганди.

Депутатлар молия вазири Тимур Ишметов ва бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровга айни шу савол билан юзланишганди, бироқ улар йиғимлар тўланганлиги ҳақида маълумотни тақдим этишмаганди.

Шунга қарамасдан 3 фоиз миқдоридаги йиғим автомобиль нархига қўшиб ҳисобланган.

«Шунинг учун, эртага мабодо Uzauto Motors автомобиллар нархини ошириш ҳаракатларига тушса, Ўзбекистон жамоатчилиги, ОАВ ва сайланган депутатлар монополист олдига қатъий талаб қўйиши керак. Аввал, 27 ой давомида бюджетга ўтказилмаган 3%лик йиғимларни (камида 3 трлн.сўм атрофида бўлади) қуртдай тўлаб қўйиши, кейин эса, утилизация йиғими тўловларини (7,8 трлн.сўм), агар тўлаганига исбот келтира олишмаса, бюджетга қайтаришлари зарур. Кейин қолганини муҳокама қилиш мумкин бўлади», — деди Отабек Бакиров.

«Махфий»

Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев 2021 йилнинг ноябрида Молия, Солиқ ва Божхона қўмитасига нечта автомобилдан қанча утилизация йиғими ундирилгани, тушган маблағлар кимга, қанча берилгани ва ундан қанчаси айнан экологияга ишлатилгани ҳақида такроран расман ахборот сўраганини маълум қилди.

Божхона қўмитасининг хабарига таяниб ёзишича, 2021 йил январь-октябрь ойларида 6848 та транспорт воситалари учун 524,7 млрд сўм утилизация йиғими ундирилган. Бироқ, Давлат солиқ қўмитасининг маълумотларига кўра, ушбу муддат ичида 21159 та енгил автомобиль олиб кирилган.

«Бошқа маълумот йўқ. Бироқ асосий ахборотни бериши керак бўлган Молия вазирлиги бу сафар ҳам махфий жавоб юборибди. Танишмадим. Хуллас одамларнинг олдиндан тўлайдиган пули ҳисобига яшайдиган компаниянинг экологик мақсад учун жорий этилган утилизация йиғими тўлаши масаласи ҳамон ёпиқлигича қолмоқда», — дея қайд этд у.

Расул Кушербаев нархларнинг ошиши ҳақидаги миш-мишларга тўхталар экан компания 10,8 трлн сўмлик йиғимларни тўласагина адолатли бўлишини таъкидлади.

ДСҚ изоҳи

«Газета.uz» сўровига кўра, Давлат солиқ қўмитаси бешта маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тўланадиган йиғим миқдори ҳақида маълумот берди, бироқ унда фақат 2021 йил юндан бошлаб, ДСҚ ва ДБҚ йиғим учун масъул бўлган давр кўрсатилган.

2021 йилнинг июнь-декабрь ойларида компаниялар 2,14 трлн сўм, 2022 йилнинг январь-февраль ойларида эса — 1,8 трлн сўм, жами — 3,32 трлн сўм тўлаган.

Қўмита компаниялар кесимида маълумотларни тақдим этишдан бош тортди.

«Газета.uz» манбасига кўра, ушбу соҳада энг кўп тўловни Uzauto Motors амалга оширган — 1,95 трлн сўм (90%) ва 1,13 трлн сўм (96,4%), жами — 3,08 трлн сўм. Рўйхатдан шунингдек, Самарқанд автомобиль заводи (Samauto), Uz Truck and Bus Motors, Uzauto Trailer ва Krantas ўрин олган.

Компания номи
Умумий йиғим суммаси
Шундан:
2021 йил июнь-декабрь
2022 йил
январь-февраль


3 324 339 575 000
2 144 403 625 000
1 179 935 950 000
Uzauto Motors
3 089 493 300 000
1 951 070 700 000
1 138 422 600 000
Samauto
151 038 300 000

117 680 850 000
33 357 450 000
Uz Truck and Bus Motors
48 271 275 000
48 121 275 000
150 000 000
Uzauto Trailer
32 610 800 000
25 110 800 000
7 500 000 000
Krantas
2 925 900 000
2 420 000 000
505 900 000

«Газета.uz» Молия вазирлиги ва Uzauto Motors изоҳ ололмади.

Бошқа имтиёзлар

Ҳар йили Uzauto Motors экспорт қилган автомашиналар учун утилизация йиғими давлат бюджетидан қоплаб берилади. Яъни, аслида қозоқлар, руслар, украинлардан ундирилиши лозим бўлган утилизация йиғими сиз-у, биз тўлаган солиқлар ҳисобидан қоплаб берилади. Бу йил шу мақсадлар учун 100 миллиард сўм ажратиш мўлжалланган.

Бюджетномага мувофиқ, 2021 йилда автомобилларни экспорт қилишда утилизация ҳаражатларини қоплаш учун давлат бюджетидан 100 млрд сўм ажратиш кўзда тутилганди. Uzauto Motors автомобиллари экспортининг 90 фоиздан кўпроғи Қозоғистонга (қолган қисми — Россия, Украина ва бошқа давлатларга) тўғри келади. Яъни, аслида қозоқлар, руслар, украинлардан ундирилиши лозим бўлган утилизация йиғими сиз-у, биз тўлаган солиқлар ҳисобидан қоплаб берилади, дея таъкидлади Отабек Бакиров.

Ушбу мақсадлар учун 2022 йилда ҳам 100 млрд сўм ажратиш кўзда тутилган.

Аввалроқ, «Газета.uz» UzAuto Motors, «Жиззах автомобиль заводи», ADM Jizzakh, Roodell ва бошқа автомобиль ишлаб чиқарувчилар 2021 йилнинг биринчи ярмида жами 2,57 трлн сўмлик (240,9 млн доллар) божхона божлари, ҚҚС ва акциз солиқларини тўлашдан озод қилингани ҳақида ёзганди. Имтиёзларнинг энг кўп қисми Uzauto Motors улушига — 1,9 трлн сўм ($177,6 млн), шу жумладан божхона тўловлари — 1,64 трлн сўм, ҚҚС — 255,6 млрд сўм ва акциз солиғи — 356,7 млн сўм тўғри келмоқда.