2021 йилда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги 479 та таълим муассасасида мониторинг ва профилактика тадбирлари ўтказилди. Бу ҳақда вазирликнинг ички аудит бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Тошматов АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, ушбу тадбирлар натижасида 49 та олий таълим муассасасида 9,4 млрд сўмлик, 253 та профессионал таълим муассасасида 7 млрд сўмлик, жами 302 та таълим муассасасида 16,4 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилгани аниқланган.

Шу билан бирга, 11,4 млрд сўмлик мақсадсиз ва ортиқча харажатларнинг (амалдаги меъёрий нормативларга нисбатан ортиқча штатларни сақлаш ҳолати, ортиқча ҳисобланган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, таъмирлаш харажатлари, ижара тўловлари, инвентаризация жараёнида аниқланган инвентарлар камомади, дебитор-кредитор қарздорликлар ҳамда бошқа турдаги ҳисоб-китоблар) олди олинган.

Бундан ташқари, 2,3 млрд сўмлик камомад ёки ортиқчаликлар кейинги ойларда ҳисоб-китоб қилиш учун ундирувга қаратилган.

2 та олий таълим ҳамда 10 та касбий таълим муассасасида ўтказилган профилактика тадбирларида аниқланган 2,7 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликларда жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли ўрганиш материаллари расмийлаштирилиб, ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга юборилди.

«Юқорида айтиб ўтилган молиявий қонун бузилишларга йўл қўйган масъулларнинг билиб ёки билмасдан хато қилишлари, бу — уларни жавобгарликдан халос этмайди. Шу сабабли, кўрсатиб ўтилган хато ва камчиликларга, молиявий қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган раҳбар ва масъул ходимларнинг 161 нафарига нисбатан интизомий жазо қўлланилди, 46 нафари эса эгаллаб турган лавозимидан озод этилди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Халқ таълими вазирлиги 2021 йилда таълим муассасалари 91,1 млрд сўмлик молиявий хатога йўл қўйгани, шундан 27,1 млрд сўм талон-торож қилингани аниқлангани хабар қилинганди.