2021 йилда халқ таълими муассасаларида 91,1 млрд сўмлик молиявий хато-камчиликка йўл қўйилгани, шундан 27,1 млрд сўм ноқонуний тарзда ўзлаштирилгани аниқланди. Бу ҳақда АОКАда Халқ таълими вазирлиги томонидан 2021 йил якунларига бўйича берилган ҳисоботида маълум қилинди.

Афсуски, молиявий хато ва камчиликларни олдини олиш бўйича ишлар амалга оширилаётган бўлсада, вазирликнинг Ички аудит хизмати томонидан молиявий хато-камчиликлар ва маблағлар ўзлаштирилганлиги аниқланди, дейилади хабарда.

Мисол учун, Ҳисоб палатаси бошчилигида ўтган йили Андижон вилояти Андижон шаҳрида ўтказилган текширишда ходимларнинг даромад солиғини Давлат бюджетига тушум қилинмасдан, тизимда ишламайдиган бегона шахсларнинг пластик карталарига ўтказиш орқали 11,5 млрд сўм маблағ ўзлаштирилган.

2020 йилда вазирлик томонидан Андижон шаҳрида 28,4 млрд сўм маблағ нақд пул маблағларини кассага кирим қилмасдан ва ишламайдиган ходимларга тўлаш орқали ўзлаштирилганлиги аниқланиб, ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилганди.

Таркибида жиноят аломатлари бўлган 161 та 76 млрд сўмлик ўрганиш материаллари ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чоралар кўриш мақсадида ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилган.

Маълумот ўрнида, 2020 йилнинг ҳисобот кўрсаткичларига нисбатан жами қонунбузилиш ҳолатлари 228,3 млрд сўмга — 1,5 бараварга, камомад ва ўзлаштириш ҳолатлари 70,7 млрд сўмга — 2,6 бараварга камайган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилниг февраль ойи бошида Андижон шаҳар халқ таълими бўлими раҳбарлари 2018−2020 йиллар мобайнида 57 млрд сўм миқдоридаги молиявий қонунбузарликлар, камомад ва ўзлаштиришда гумон қилиниб, ушланганди. Прокуратура мазкур ишни ўрганмоқда.

2021 йилнинг апрелида Андижонда яқин танишларини аттестациядан ўтказиш, уч кишини мактаб директори ва ўринбосари лавозимларига тайинлаш масаласини ижобий ҳал қилиши эвазига 8400 долларни олган шахс ушланди. У пулнинг 900 долларини Андижон шаҳар ХТБ бошлиғига олиб бориши кераклигини айтган. Тезкор тадбир давомида ХТБ раҳбари ҳам 900 доллар билан қўлга тушган.