Тошкент метрополитенида тажриба тариқасида ҳожатхоналар қуриш бошланди, дея хабар бермоқда Тошкент метрополитени.

Бу президентнинг 2021 йил 16 октябрдаги [ПҚ-5260-сон] қарори ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётгани қайд этилган.

Таъкидланишича, Токио метрополитенида 300 га яқин метро бекатлари мавжуд, умумий узунлиги эса 300 кмдан ортиқ. Токио метросидан фойдаланувчи йўловчилар бир манзилдан бошқа бир манзилга бориши учун ўрта ҳисобда 2−3 соат давомида метро хизматидан фойдаланишади. Шу сабабдан Токио метрополитенида она ва бола хонаси, ҳожатхона мавжуд. Ушбу тажриба дунё мамлакатларининг ҳаммасида ҳам мавжуд эмас.

Шу қаторда Тошкент метрополитенида ҳам хожатхона, она ва бола хоналари қурилмаган. Йўловчилар эса энг узоқ манзилга ўрта ҳисобда 40−50 дақиқа атрофида етиб боришади.

«Бироқ, шунга қарамай, меъёрий лойиҳа ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилган ҳолда „Чилонзор“ метро бекатида тажриба тариқасида ҳожатхона қуриш ишлари олиб борилмоқда. Агарда бу ўзини оқласа, бошқа бекатларда ҳам амалда тадбиқ этилиши кўзда тутилган. Янги қурилаётган метро бекатларида эса йўловчилар учун қатор қулайликлар мавжуд бўлиши лойиҳалаштирилган», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, бугунги кунда метрополитендан кунига 380−420 минг йўловчи фойдаланади, 2019 йилда ушбу кўрсаткич 200−220 минг кишини ташкил қилган.

Бундан ташқари, Тошкент метрополитени метро бекатларида йўл кўрсаткичларини замонавий дизайн асосида босқичма-босқич алмаштириш режа қилинганини ҳам маълум қилинди. Айни кунларда йўл кўрсаткичлари меъёрий лойиҳа хужжатлари асосида ўрнатилган.

Ер ости бекатларида киши соғлиғига таъсир кўрсатувчи босим борлигини инобатга олган ҳолда, барча бекат навбатчилари биринчи ёрдам кўрсатиш маълумотига эга ҳамда барча бекатларда биринчи ёрдам кўрсатиш учун дори воситалари билан таъминланган.

Хабарда қўшимча қилинишича, зарур вақтларда тез ёрдам ишчи ходимлари чақиртирилади, метрополитеннинг «Пахтакор» ва «Минг Ўрик» бекатларида эса тиббий пунктлар мавжуд.