21 февраль куни Россия президенти Владимир Путин Украина шарқидаги ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск халқ республикалари мустақиллиги тан олишини эълон қилди. Россия шунингдек, ДХР ва ЛХР билан республикалар ҳудудида ҳарбий базалар қурилишини назарда тутувчи ўн йилга мўлжалланган дўстлик шартномаларини имзолади. Ғарб давлатлари Россиянинг бу қарорини қоралади (жаҳон ҳамжамиятининг муносабати ҳақида ушбу ҳаволада батафсил ўқиш мумкин) ва унга қарши санкциялар эълон қилди. «Газета.uz» Ғарб томонидан қандай санкциялар киритилиши режалаштирилгани ёки аллақачон жорий этилган чекловлар ҳақида маълумот тўплади.

Буюк Британия

Санкцияларни биринчилардан бўлиб Буюк Британия эълон қилди. 22 февраль тонгида бош вазир Борис Жонсон россиялик бизнесменлар Геннадий Тимченко, Борис ва Игорь Ротенберглар, шунингдек, Россиянинг бешта банклари: Промсвязьбанк, «Россия» банки, Саноат жамғарма банки, Қора денгиз тараққиёт ва тикланиш банки ва Генбанкларга қарши санкциялар жорий этилгани ҳақида маълум қилди.

Санаб ўтилган жисмоний ва юридик шахсларга тегишли Буюк Британиядаги ҳар қандай активлар музлатилади, манфаатдор шахсларга эса мамлакатга кириш тақиқланади, деди Жонсон.

«Бу биз амалга оширишга тайёр ишларнинг биринчи транши: бизда кейинги санкциялар ҳам тайёр, улар вазият зиддийлашган тақдирда АҚШ ва Европа иттифоқи томонидан ишга туширилади», — деди Британия бош вазири.

Буюк Британия ТИВ раҳбари Лиз Трасс ҳам агар Россия Украинага қарши ҳарбий тажовузни давом эттирадиган бўлса, РФ ҳукумати ва компанияларига Британия бозорларида маблағ жалб қилиш имкониятларини чеклашга, қатор юқори технологиялар экспортини тақиқлашга ва Россия банкларини жаҳон иқтисодиётидан янада кўпроқ изоляция қилишга тайёрлигини маълум қилди.

Бундан ташқари, Россия Думаси ва Федерация Кенгаши аъзолари ҳам ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олиш учун овоз берганликлари учун санкция остида қолади.

Геннадий Тимченко, Forbes Russia маълумотларига кўра, Россиянинг энг бой бизнесменлари рўйхатида олтинчи ўринни эгаллайди ва Владимир Путиннинг дўстларидан бири ҳисобланади. Британия ТИВ баёнотида Борис ва Игорь Ротенберглар ҳам Путин режимининг «узоқ йиллик сафдошлари» сифатида тилга олинган. Бу уч шахсга нисбатан аллақачон AҚШ томонидан санкциялар жорий этилган. Промсвязьбанк Россиянинг энг йирик 10 та банкларидан бири бўлиб, РФ Мудофаа вазирлиги томонидан имзоланган давлат шартномаларининг 70%ига хизмат кўрсатади.

The Guardian газетаси сал ўтиб Борис Жонсон санкциялар пакетини эълон қилгач, британиялик консерватор-депутатлар танқидига учрагани ҳақида ёзган эди. Нашрнинг таъкидига кўра, Британия парламентарийлари Борис Жонсондан у Владимир Путин ҳукумати базасига қаттиқ зарба бера олмагани учун норози бўлишган. «Умуман олганда, Жонсоннинг санкцияларни давом эттириш ҳақидаги ваъдалари вазият ўзгараётганини англатади, ахир беш йилдан буён Россия пулларининг Британиядаги роли ҳақида берилган саволлар очиқ қолиб келарди», дея хулоса қилади нашр.

Германия

Германия канцлери Олаф Шольц Россиядан Германияга газни транспортировка қилиш учун мўлжалланган «Шимолий оқим — 2» газ ўтказгичини сертификатлаш жараёни тўхтатилгани ҳақида эълон қилди.

«Бу техник жараёндек кўринади, аммо бу зарур қадам, усиз газ ўтказгични сертификатлашнинг имкони бўлмайди. Сертификатсиз эса «Шимолий оқим — 2»ни ишга туширишнинг имкони йўқ», — деган Шольц (Die Zeit дан иқтибос).

Aввалроқ Германия мамлакатга Россия газини етказиб бериш ҳажмини икки баравар оширишни назарда тутган, тўлиқ қурилган, лекин ҳали ишга туширилмаган газ қувури — «Шимолий оқим 2» га қарши санкциялар қўллашдан бош тортган эди. Газ қувури Болтиқ денгизи туби бўйлаб Украинани четлаб ўтади, бу эса Киевни транзит йиғимларидан маҳрум қилади. Германиянинг ғарбий иттифоқчилари, жумладан, Шарқий Европа давлатлари ва АҚШ лойиҳани кўплаб маротаба танқид қилиб, бу Россияга газдан геосиёсий «рычаг» сифатида фойдаланишга ёрдам беради, деб ёзади The Economist.

Шольц Путиннинг ДХР ва ЛХРни тан олиш қарорини қоралаб, уни «асоссиз, ноаниқ» деб атади ва Россия ўз ҳаракатлари учун жавоб бериши кераклигини таъкидлади. Шу билан бирга, канцлер кейинги «ҳалокат»нинг олдини олиш учун дипломатик саъй-ҳаракатларни давом эттириш зарурлигини қўшимча қилди.

Кремль ўз расмий муносабатида Россия «Шимолий оқим 2»ни «соф тижорий лойиҳа» деб ҳисоблашини, шу боис Гермаянинг у бўйича қабул қилган қароридан таассуфда эканини эълон қилди.

Европа иттифоқи

Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель Париждаги матбуот анжуманида Европа Иттифоқи янги чекловлар пакетини қабул қилишини эълон қилди. У Россия Давлат Думасининг ДХР ва ЛХРни тан олиш учун овоз берган 351 нафар депутатига қарши санкцияларни ўз ичига олади ва ЕИ ҳамда ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган республикалар ўртасидаги иқтисодий муносабатларга таъсир кўрсатади.

Бундан ташқари, Европа иттифоқи Россияга европа капитал бозорларига киришни чеклашни режалаштирмоқда. Санкциялар, шунингдек, «Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигига путур етказувчи» 27 жисмоний ва юридик шахсларга жорий этилади.

Euronews’нинг аниқлик киритишича, жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан қўлланилган чоралар улар активларини музлатилишини ва ЕИ ҳудудига кириш ёки у орқали транзит ўтишга тақиқни назарда тутади.

АҚШ

22 февраль куни кечқурун AҚШ президенти Жо Байден Вашингтонда Украина атрофидаги вазиятга бағишланган махсус брифинг ўтказиб, унда Россияга қарши санкцияларнинг биринчи транши ҳақида эълон қилди. У Владимир Путиннинг қарорини «халқаро ҳуқуқни ўта қўпол равишда бузиш» ва «Россиянинг Украинага бостириб киришининг бошланиши» деб атади.

«Путинга қўшниларига тегишли бўлган ҳудудда янги, гўёки мамлакатларни эълон қилишга ким ҳуқуқ берди?» — деб баёнот қилди AҚШ раҳбари. Байденнинг сўзларига кўра, Путин ўз нутқида шунингдек, қуролланган босқин орқали Украинанинг янада кўпроқ ҳудудини эгаллаб олиш учун асос яратган.

Америка Молия вазирлиги сайтида эълон қилинган ҳужжатга кўра, Россиянинг иккита банки — ВЭБ, Промсвязьбанк ва уларнинг 42 та шўба корхоналари («ЦСКА» ФК ва РФ Эксимбанкини ўз ичига олади) AҚШ санкциялари остида қолади. Бу банклар ва уларнинг шўба корхоналарининг АҚШдаги активлари музлатилади, улар Қўшма Штатлар ҳудудида бизнес юрита олмайди ва жаҳон молия тизимидан узиб қўйилади.

Санкциялар шунингдек, «Путинга яқин» элиталар ва оилалар аъзоларига қарши киритилмоқда:

• ВТБ вице-президенти Денис Бортниковга — ФХХ раҳбари Александр Бортниковнинг ўғли;

• Промсвязьбанк раиси Пётр Фрадковга — РФ собиқ бош вазири ва Россия стратегик тадқиқотлар институти директори Михаил Фрадковнинг ўғли;

• VK бош директори Владимир Кириенкога — РФ президенти администрацияси раҳбари ўринбосари Сергей Кириенконинг ўғли.

АҚШ шунингдек Россия давлат қарзига қарши янги санкцияларни жорий қилди. Санкциялар Россия Марказий банки, Миллий фаровонлик жамғармаси ва Молия вазирлиги томонидан 2022 йил 1 март санасидан кейин чиқарилган облигацияларнинг иккиламчи бозорига таъсир кўрсатади.

Жо Байден бордию Россия ҳарбий эскалацияни давом эттирса, АҚШ иттифоқдошлар ва шериклар билан биргаликда санкцияларни кучайтириши ҳақида огоҳлантирди.