2022 йилнинг апрель ойидан бошлаб ногиронлиги бўлган шахсларга тайинланадиган нафақаларнинг миқдорлари бирхиллаштирилади ва доимий парваришга мухтож ногиронлиги бўлган болаларни парвариш қилувчи шахсларга янги нафақа жорий этилади.

Бу президент 17 февраль куни имзолаган фармонда қайд этилган, деб хабар бермоқда Молия вазирлиги Ахборот хизмати.

Таъкидланишича, олдинги тартибга кўра, болаликдан ногирон бўлган шахсларга 622 минг сўм миқдорида нафақа тўланган. Ҳаёти давомида ногирон бўлиб қолган шахсларга эса 440 минг сўм нафақа берилган.

Президент фармонига асосан энди ногирон бўлиб қолиши муддатидан қатъий назар, ногиронлиги бўлган шахсларга бир хил миқдорда 622 минг сўмга тенг нафақа тайинланиб борилади. Дастлабки ҳисоб-китобларга асосан 49 минг нафар ногиронлиги бўлган шахслар учун нафақа 41 фоизга ошади. Мазкур чорани амалга оширишга 2022 йилга қўшимча 81 млрд сўм ажратилади.

Ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа миқдоридан паст бўлган ногиронлик пенсиялари миқдори 622 минг сўмгача етказилади. Бунда, ногиронлик пенсиясини олувчи 133 минг шахсларнинг пенсия миқдори ўртача 29 фоизга ошади. Мазкур чорани амалга оширишга 2022 йилда қўшимча 140 млрд сўм Пенсия жамғармаси ҳисобидан ажратилади.

Доимий парваришга муҳтож бўлган 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болаларни парвариш қилувчи она (ота)ларга минимал истеъмол харажатлардан кам бўлмаган миқдорда — 500 минг сўм ногирон бола парвариши учун янги нафақа жорий этилмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 30 мингдан ошиқ ногиронлиги бўлган болаларни парвариш қилувчи оналар учун давлат бюджетидан 2022 йилда қўшимча 157 млрд сўм ажратилади.

«Ногиронлиги бўлган фарзанднинг парваришлаётган оналар даромад келтирувчи фаолиятини юритиш имкони бўлмайди ва шундан қилиб чиқиб бундай оилаларнинг ижтимоий хатарларга заифлиги ошиб боради. Янги нафақа жорий этилиши натижасида ногиронлиги бўлган болаларнинг парваришлаётган оналар кафолатланган базавий даромад манбаи билан таъминланади», — дейилади вазирлик хабарида.