Президент Шавкат Мирзиёев божхона тизимини ислоҳ қилишга бағишланган йиғилишда чегара постларини рақамли ускуналари билан жиҳозлаш юзасидан топшириқ берди. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Таъкидланишича, 2018 йилда 13 мингта уяли телефонлар қонуний олиб кирилган бўлса, 2021 йилда бу рақам 3 млндан ошгани айтилди.

Йил бошидан 364 кг гиёҳвандлик воситалари, 88 минг дона психотроп дорилар ҳамда 181 млрд сўмлик товарлар ноқонуний кириб келиши олди олингани қайд этилди.

Давлат раҳбари Ўзбекистон минтақа марказида бўлгани боис, контрабандага қарши курашиш ўта муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

«80 фоиз товар кириб келадиган 22 та асосий постни 3D-сканер, рентген аппарати, видеокузатув камераси, сервер, транспорт тарозиси каби ускуналар билан жиҳозлаш топшириғи берилди. Ушбу мақсадлар учун 370 миллиард сўм йўналтирилади», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, темир йўл орқали келадиган товарлар бўйича маълумотларнинг электрон алмашинувини йўлга қўйишга кўрсатма берилди.

Тегишли мутасаддиларга халқаро жўнатмалар бўйича ахборот алмашиш тизимини жорий этиш топширилди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур йиғилишда президент йил якунига қадар божхона кўриги жараёнларини тўлиқ қамраб олган электрон тизимни ишга тушириш бўйича топшириқ берганди.

Давлат раҳбари шунингдек, божхоначиларнинг ҳалол ишлашини таъминлаш мақсадида битта постда 3 йил ишлаган ходимлар ротация қилинишини айтди. Қолаверса, тизимдаги ходимлар даромади ва мол-мулки декларация қилинади, 1 мартдан эса барча божхона ходимлари фақат очиқ танлов асосида ишга қабул қилинади.