Айни вақтда Шавкат Мирзиёев бошчилигида 2022 йилда божхона маъмурчилигини янада такомиллаштириш ва соҳани коррупциядан холи тизимга айлантириш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Йиғилишда божхона ходимларининг ҳалол ишлашини таъминлаш ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш — коррупцияга қарши курашишда энг муҳим масала эканлиги таъкидланган.

Шу муносабат билан бир ой муддатда битта постда 3 йил ишлаган ходимлар ротация қилинади.

Қолаверса, 1 мартдан барча божхона ходимлари фақат очиқ танлов асосида ишга қабул қилинади. Божхона тизимида ходимлар даромади ва мол-мулкини декларация қилиш жорий этилади.

Таъкидланишича, божхона ходимларининг фаолияти самарасига қараб, иш ҳақига 50 фоизгача қўшимча устама тўланади. Бу устамалар аниқ кўрсаткичлар (KPI) асосида белгиланади.

Олис ва шароити оғир постларда ишлаётган ходимлар иш ҳақига қўшимча устамалар жорий этилади.

Божхона ходимларига махсус унвон учун устамалар миқдори оширилади.

Йиғилишда, шунингдек, ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш чора-тадбирлари белгилаб берилди:

  • Олот, Гулистон, Термиз ва бошқа ҳудудлардаги олис постларда ишлайдиган ходимлар учун хизмат уйлари барпо этилади;
  • жорий йилда уй-жойга эҳтиёжи бор 100 нафар ва ҳар йили камида яна шунчадан ходим имтиёзли ипотека билан таъминланади;
  • божхона ходимлари ва уларнинг фарзандлари учун олий ўқув юртларига киришда алоҳида квота ажратилади.

Яна бир масала — бугунги кунда божхона органларида аёлларнинг улуши бор-йўғи 8 фоизни ташкил этади.

«Соҳада адолат, ҳалоллик ва тартибни жорий қилишни хоҳлар эканмиз, тизимга аёл ходимларни жалб қилиш учун барча зарур шарт-шароитларни яратишимиз шарт», — деди давлат раҳбари.

Шу муносабат билан келгуси икки йилда аёллар улушини камида 2 баробарга ошириш бўйича ишларни ҳозирдан бошлаш вазифаси қўйилди.