Ўзбекистонда божхона хизматларини рақамлаштиришни 2023 йилда 100 фоизга етказиш бўйича дастур қабул қилинади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида божхона маъмурчилигини янада такомиллаштириш ва соҳани коррупциядан холи тизимга айлантириш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказилган йиғилишда айтиб ўтилди.

Президент йиғилишда божхона хизматларини рақамлаштириш 2022 йилда 70 фоизга, 2023 йилда 100 фоизга етказиш бўйича дастур қабул қилиш вазифасини қўйди.

«Божхона бошқа давлат идораларига намуна бўлиши керак» — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, давлат раҳбари божхона тизимида «коррупциядан холи» дастурини амалга ошириш соҳа раҳбарларининг энг устувор вазифаси бўлиши шартлигини кўрсатиб ўтди.

Топшириққа кўра соҳада замонавий комплаенс тизими жорий қилинади.

Жумладан, 1 майдан бошлаб юк декларациясини расмийлаштириш постлардан чиқарилади ва тадбиркор билан бевосита мулоқотсиз, масофавий амалга оширилади. 1 июлдан товарлар коди ва қийматини белгилаш, божхона кўригини ўтказиш, имтиёзли декларация расмийлаштиришда коррупцион хавфлар автоматлашган тизим орқали аниқланади.

Шунингдек, 1 сентябрдан бошлаб барча электрон божхона хизматлари «ягона дарча» тизими орқали кўрсатилади.

Йил якунига қадар божхона кўриги жараёнларини тўлиқ қамраб олган электрон тизим ишга тушириш режалаштирилган.