Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетов ва Тошкент бош имом хатиби Раҳматуллоҳ Сайфутдинов ўртасида бўлиб ўтган одамларнинг «дўзахга тушиш-тушмаслиги борасидаги танлови» борасидаги баҳслар юзасидан муносабат билдирди.

Муносабат алоҳида диний ходимларнинг шахсий фикри Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий муносабатини ифода этмаслиги айтилди.

Таъкидланишича, меҳроб муқаддас жой бўлиб, бу ерда воизнинг шахсий талқини асосида билдирилган фикрлар диндорлар томонидан фатво сифатида қабул қилинади. Шу муносабат билан 17 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Одоб-ахлоқ комиссияси чақирилиб, сўнгги вақтда ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган масалалар кўриб чиқилди.

«Йиғилишда имом-хатибларга жамиятда ихтилоф келтириб чиқарувчи мавзуларни масжид меҳробида туриб муҳокама қилмаслик, ваъз-насиҳатларда одоб-ахлоқ, диний-маърифий қадриятларни асраб-авайлаш, ибодатларни тўғри ва мукаммал адо этиш бўйича мўмин-мусулмонларга йўл-йўриқ кўрсатиш ҳақида тушунтириш берилди», — дейилади муносабатда.

Идора жамиятда учраб турадиган айрим ижтимоий иллатларга қарши маърифий тарғибот олиб боришда бардавом эканини маълум қилиб, ушбу йўналишда давлат ва жамоат ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик муносабатлари мавжудлигини таъкидлади.

«Ўзбекистон мусулмонлари идораси диний соҳа ходимларини жамоавий ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишларда амалдаги қонунчиликка риоя этишга, амри маъруф ва наҳйи мункарни Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатлари асосида олиб боришга чақиради. Фуқаролардан эса бундай мавзуларни ғаразли мақсадларда ижтимоий тармоқларда оммалаштирмасликни сўрайди», — дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, адлия вазири Русланбек Давлетов 7 февраль куни жамоатчиликка ҳисоботи давомида диний ташкилотларнинг баъзи домлалари маърузалари жамиятда бўлинишга олиб келаётганлигини таъкидлаб, вазирлик ушбу соҳани назорат қилишини эслатган ҳолда «Ўзининг диний ўлчовлари, уйидаги қарашлари билан жамиятга ўлчов қўйишга йўл қўймаймиз, чунки қонун бор», дея таъкидлаган эди.

Давлетов ўз чиқишини америкалик ёзувчи Дэвид Фрименнинг «одамларга дўзахга кириш-кирмаслик танловини ўзларига қўйиб беринглар» деган фикри билан якунлаганди.

Сал ўтиб ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов (Термизий) адлия вазирининг сўзларига жавоб қайтарган видеолавҳа тарқалди.

«Биз худбинлик жамиятида яшамаяпмиз. Дўзахга тушсанг, тушавер деяпти, ҳозир баъзи одамлар чиқиб… Биз бунга рози бўлмаймиз. Биз ҳеч қачон мусулмон биродарларимизни дўзахга тушишига рози бўлмаймиз. Тўғри, битта иккита аҳли илм қаттиқ ҳиссиётга берилиб гапиргани билан бутун имомларни даъват йўлини тўсишга ким ваколат берди у одамга», — деди пойтахт имом-хатиби.

Шундан сўнг Дин ишлари бўйича қўмита баҳс-мунозаралар бўйича ўз муносабатини билдириб, айрим диний соҳа вакиллари Ўзбекистоннинг дин соҳасидаги давлат сиёсатини нотўғри тушуниши ва баҳолашини, янгиликларни ўз манфаатларига мослаб талқин қилишини таъкидлади.