Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита дин соҳасидаги давлат сиёсати бўйича билдирилган фикрлар юзасидан муносабат билдирди.

«Охирги вақтда ижтимоий тармоқларда баъзи мутаассиб шахслар, айрим ҳолларда эса диний соҳа вакиллари томонидан ҳам Ўзбекистоннинг дин соҳасидаги ягона давлат сиёсатини нотўғри тушуниш ва баҳолаш, янгиликларни ўз манфаатларига мослаб талқин қилиш, воқеликни бўрттириб кўрсатиш, инсонлар фикрида нохолис муносабатни шакллантиришга бўлган уринишлар кузатилмоқда», — дейилади қўмита хабарида.

Қўмита Ўзбекистон дунёвий, ҳуқуқий демократик, кўп миллатли ва турли конфессияли давлатлигини эслатиб, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунда ҳеч қайси динга ёки диний эътиқодга бошқаларига нисбатан бирон-бир имтиёз ёки чеклашлар белгиланишига йўл қўйилмаслиги қатъий белгилаб қўйилганини таъкидлаган.

«Турли миллат ва конфессия вакиллари истиқомат қиладиган жамиятда қонун билан ўрнатилган ва ижтимоий келишув асосида тартибга солинадиган муносабатларга қарши ҳар қандай турдаги ножоиз хатти-ҳаракат, гап-сўз ва саъй-ҳаракат — турли динларга эътиқод қилувчи аҳоли орасида тушунмовчиликлар юзага келишига ҳамда дискриминация ва турли муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин», — дея таъкидлади қўмита.

Идора сўнгги кунларда ижтимоий тармоқ саҳифаларида давлат идоралари масъул ходимлари томонидан Ўзбекистоннинг дунёвий, ҳуқуқий демократик давлат тамойилларидан келиб чиқиб, жамиятда қонун устуворлиги эслатилган чиқишларига нисбатан айрим шахслар, шу жумладан, диний соҳа вакиллари турли муносабат билдирганликларини қайд этди.

Қўмита Адлия вазирлиги мамлакатда диний ташкилотларни рўйхатга олувчи ягона ваколатли давлат органи ҳисобланишини ҳамда диний ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Конституцияси, қонунчилик ҳужжатлари талаблари ва ўз устави қоидаларига риоя этиши устидан назоратни олиб боришини эслатди.

«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасида фуқароларнинг динга муносабатидан қатъи назар, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўймаган ҳолда, уларнинг виждон эркинлигига бўлган ўз ҳуқуқларини амалга ошириши учун тенг шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, жамоат тартибига, Ўзбекистон фуқароларининг соғлиғи ва ахлоқига, ҳуқуқ ва эркинликларига таҳдид солувчи диний ғоялар ҳамда қарашларнинг сингдирилиши ва тарқатилишига қарши курашиш қатъий белгилаб қўйилган.

Шунингдек, мазкур қонуннинг 7-моддасига биноан, давлат турли динларга эътиқод қиладиган ва уларга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, турли динларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашади, диний ақидапарастлик ҳамда экстремизмга, муносабатларни қарама-қарши қўйиш ва кескинлаштиришга, турли конфессиялар ўртасида адоватни авж олдиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўймайди.

«Хулоса ўрнида, фуқароларимиздан диний мавзу ўта хассос эканини эътиборга олиб, интернет ва ижтимоий тармоқларда диний масала ҳамда давлатнинг дин соҳасидаги позициясига муносабат билдирганда холис бўлиш, айни вақтда, давлатнинг дунёвий демократик тамойилларини қатъий ёдда тутган ҳолда шахсий қарашларини оммавий муносабат сифатида талқин қилмасликларини сўраб қоламиз!», — дейилади баёнот сўнгида.

Адлия вазири Русланбек Давлетов 7 февраль куни жамоатчиликка ҳисоботи давомида диний ташкилотларнинг баъзи домлалари маърузалари жамиятда бўлинишга олиб келаётганлигини таъкидлаб, вазирлик ушбу соҳани назорат қилишини эслатган ҳолда «Ўзининг диний ўлчовлари, уйидаги қарашлари билан жамиятга ўлчов қўйишга йўл қўймаймиз, чунки қонун бор», дея таъкидлаган эди.

Давлетов ўз чиқишини америкалик ёзувчи Дэвид Фрименнинг «одамларга дўзахга кириш-кирмаслик танловини ўзларига қўйиб беринглар» деган фикри билан якунлаганди.

Сал ўтиб ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов (Термизий) адлия вазирининг сўзларига жавоб қайтарган видеолавҳа тарқалди.

«Биз худбинлик жамиятида яшамаяпмиз. Дўзахга тушсанг, тушавер деяпти, ҳозир баъзи одамлар чиқиб… Биз бунга рози бўлмаймиз. Биз ҳеч қачон мусулмон биродарларимизни дўзахга тушишига рози бўлмаймиз. Тўғри, битта иккита аҳли илм қаттиқ ҳиссиётга берилиб гапиргани билан бутун имомларни даъват йўлини тўсишга ким ваколат берди у одамга», — дейди пойтахт имом-хатиби.

«Биз ҳеч қачон одамларни дўзахга тушсанг тушавер деб ташлаб қўймаймизку. Нотўғри иш қилаётган одамни кўрсак индамай кетишимизни талаб қилишаяпти улар. Ароқ ичаётган одамни кўрсанг, гапирма деяпти, ичса ичаверсин деяпти. Зино қилаётганни кўрсанг, ишинг бўлмасин, ўзи қилаяптику қилса, деяпти. Шуни биздан талаб қилаяпти. Бундай жамият расво жамият бўлади», — деди Раҳматуллоҳ Сайфуддинов.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон давлат раҳбарининг сиёсатига асосланган ҳолда одамлар бир бирига ёрдам бериши керак бўлган, яхшиликни улашган ёмонликдан қайтарилган, қайтарган кишилик жамиятини қуришни мақсад қилган.

«Ҳеч қачон худбин эгоист бир жамият қурмаймиз ва унга рози бўлмаймиз», — деди имом.

Сайфуддинов адлия вазири Русланбек Давлетовнинг сўзлари давлат сиёсати эмаслигини, бу вазирнинг шахсий фикри ёки вазирликнинг мақсади эканлигини таъкидлаган.