Президент чорвачилик тармоғини ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида гўшт, сут ва тухум маҳсулотларига талаб қанча, бу талабни қондириш учун 2022 йилда қандай тизимли ишлар қилиш керак, деган саволларга бирорта ҳудуд раҳбарида аниқ тасаввур йўқлигини танқид қилди.

Президентнинг айтишича, пандемия давом этаётгани, иқлим ўзгариши, сув танқислиги каби омиллар дунё бўйлаб озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ўсишига сабаб бўлмоқда. Аҳоли кундалик истеъмол харажатларининг 30 фоизини эса гўшт, сут ва тухум каби маҳсулотлар ташкил этади. Шу боис, чорвачилик соҳасини қўллаб-қувватлаш, ресурс тежовчи технологияларни кенг қўллаш орқали гўшт, сут ва тухум ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳар кунгидан ҳам долзарб ва устувор аҳамият касб этмоқда

«Биз „Инсон қадри учун“ тамойили асосида келгуси беш йилда камбағалликни камида 2 бараварга қисқартиришни олдимизга мақсад қилиб қўйдик», деди президент.

Йиғилишда таъкидланишича, 2019−2021 йилларда чорвачилик бўйича 8 турдаги субсидия ва имтиёзли кредитлар ажратиш йўлга қўйилди; 4,5 мингга яқин лойиҳа амалга оширилди; наслчилик хўжаликлари сони 3 бараварга кўпайиб, 1 минг 414 тага етди; чорва моллари сони 1,2 миллионга кўпайди.

Лекин, республика бўйича ҳар 2 кишига ўртача 1 та қорамол тўғри келса, бу кўрсаткич Наманган, Фарғонада 4 кишига 1 та, Тошкент вилояти ва Сурхондарёда 3 кишига 1 тани ташкил этмоқда.

Бухоро, Жиззах, Навоий, Наманган ва Сурхондарёда йирик чорвачилик хўжаликларининг сони қолган ҳудудларга нисбатан 1,5−2 баравар кам.

Шу билан бирга, Мирзиёев вилоят ёки туманда гўшт, сут ва тухум маҳсулотларига талаб қанча, бу талабни қондириш учун 2022 йилда қандай тизимли ишлар қилиш керак, деган саволларга бирорта ҳудуд раҳбарида аниқ тасаввур йўқлигини танқид қилди.

Жумладан, Чортоқ, Нарпай, Ургут, Олтинсой, Ўртачирчиқ ва Урганч туманларида аҳолини гўшт билан таъминлаш даражаси 40%га етмасада, ушбу туман ҳокимлари 2022 йилда аниқ лойиҳаларни ишга туширишни режа қилмаган.

Шу сабабли, вилоят ҳокимларига бир ойда ўзгариш қилмаган туман ҳокимларини ишдан олиш бўйича таклиф киритиш топшириғи берилди.

Президентнинг сўзларига кўра, 2022 йилда чорвачиликда камида 300 минг, қўй-эчкичиликда 150 минг, пиллачиликда 1,2 миллион, жами 1 миллион 650 минг аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича имконият ва захира мавжуд.

Чорвачилик ва пиллачиликда йиғилишда айтилган вазифаларни бажариш ва айтиб ўтилган иш ўринларини яратишга шахсан вилоят ҳокимларининг ўзи масъул ва жавобгар бўлиши кўрсатиб ўтилди.

Туман ҳокимлари, аграр соҳа раҳбарлари учун чорвачилик, қўйчилик, эчкичилик, пилла ва жун саноати йўналишида ўқув семинари ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.