13 февраль куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани Янгиобод кўчасида жойлашган «Янгиобод» бозор ҳудудида ёнғин бўлаётганлиги тўғрисида туман Фавқулодда вазиятлар бўлимига хабар келиб тушган, дея хабар берди ФВВ матбуот хизмати.

Хабарга кўра, 4 та ёнғин-қутқарув экипажи воқеа жойига соат 07:52 да етиб бориб, ёнғин соат 08:11 да ўраб олинган ва соат 08:17 да бартараф этилган.

Ёнғин натижасида бозор ҳудудида жойлашган ошхона, сомсахона ва расталарининг тахминан 120 квадрат метр майдондаги томи, шифти ва жиҳозлари ёниб зарарланган.

Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва келтирилган моддий зарар миқдори аниқланаётгани айтилди.