Жума куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида «Хавфсиз ва равон йўл» тамойили асосида йўл ҳаракати хавфсизлигини янги босқичга кўтариш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтади. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Aсадов хабар берди.

Айтилишича, йиғилишда «тизимни тубдан ўзгартиришга қаратилган бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилиши кутилмоқда».

Бу президент раислигида айнан йўл ҳаракати хавфсизлигига бағишланган биринчи йиғилиш бўлади. Бунгача давлат раҳбари бошқа чиқишларида йўл ҳаракати хавфсизлигининг айрим жиҳатлари ҳақида гапирган.

Куни кеча президент Тошкентда автомобиль ҳаракати тезлигини 60 км/соатгача пасайтириш ва трамвайни қайтариш режалаштирилаётганини маълум қилган эди.

26 январь куни Шавкат Мирзиёев кенгайтирилган видеоселектор йиғилиш давомида коронавирусга қараганда йўллардаги авариялар оқибатида одамлар кўпроқ вафот этаётгани ҳақида гапирганди.

Бир кун аввал Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов «бугундан бошлаб йўлларда ЙТҲ ва ўлим сонини камайтириш учун кураш бошлаганини» маълум қилди.

Avtotest мактаби асосчиси Тошкентда ташкил этилган ҳайдовчилик гувоҳномаси учун имтиҳон топширишга мўлжалланган Ягона имтиҳон маркази ўзига тегишли эканини тасдиқлади. У монополия ва манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги иддаоларни рад этиб, қонун-қоидаларни давлат белгилаб бергани, бозор қулай шароит ярата оладиган тадбиркорлар учун очиқ эканини таъкидлади.

«Мен инсон омили аралашмаган, таниш-билишчилик аралашмаган, коррупция аралашмаган, сифатли ва самарали имтиҳон маркази барпо эта олганим билан фахрланаман», — деди Комил Алламжонов.

У эндиликда очиқ айтила бошлаган камчиликларга қарши курашдаги фаол иштирокини «ўзимнинг фуқаролик бурчим», деб атади.

«Йўлларимиздаги аҳволни кўриб, мен, фарзандларим мактабга чиқиб кетганидан то уйга қайтгунигача хавотирда бўламан, Аллоҳдан уларни асрашини сўраб, дуо қиламан. Болалар эшикдан уйга кириб келмагунича ҳотиржам бўлолмайман», — деди Комил Алламжонов бугун йўллардаги ҳаракат хавфсизлиги ҳолатига таъриф берар экан.

«Газета.uz» кўп йиллардан буён ҳукумат ва жамоатчилик эътиборини йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга доир ёндашувларни ўзгартириш зарурлиги масаласига қаратиб келади. Бу мавзудаги материаллар «йўл ҳаракати хавфсизлиги» теги остида жамланган.