Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда йўл ҳаракати қоидалари янгидан ишлаб чиқилиши эълон қилинди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар берди.

Хабарга кўра, йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчилар учун жарима баллари тизими жорий этилади. Тезликни оширган ҳайдовчига 1 балл, қизил чироқда ўтганга 3 балл ҳисобланади. Агар бир йилда қоидабузарликлар жами 12 баллдан ошса, ҳайдовчи автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

Шунингдек, автомобилни тартибсиз бошқариб, бошқа ҳайдовчиларга халақит қилганлик учун алоҳида йўл безорилиги деган янги жавобгарлик тури киритилиши таъкидланди.

Йиғилишда ҳайдовчиларнинг жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишда тўланадиган суғурта бадалини жарима балларидан келиб чиқиб белгилаш тартиби жорий этилиши белгиланди.

Шу билан бирга, Йўл ҳаракати қоидалари анча эскиргани, халқаро стандартлар асосида янгидан ишлаб чиқилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди. «Қонунчиликка киритиладиган ҳамма янгиликлар депутатлар, экспертлар ва жамоатчилик билан бамаслаҳат ишлаб чиқилади», деди президент.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори фаолиятига фаол қаршилик кўрсатиш, уларни обрўсизлантириш ҳолатлари кўпаяётганлигини қайд этди. Қонунларни кўриб чиқишда бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Ҳайдовчиларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва уларни имтиҳон қилиш тизими тубдан қайта кўриб чиқилади.

«Йилдан йилга автотранспорт воситалари ва ҳайдовчилар сони кўпайгани билан уларнинг маданияти, ўзаро ҳурмат ва билим-тажрибаси пасайиб бораётгани ҳам айни ҳақиқат», деди давлат раҳбари йиғилишда.

Аварияларнинг 75 фоизини 35 ёшгача бўлганлар содир этганлиги, ҳар йили 500 минг киши ҳайдовчилик гувоҳномасини олса, улардан 25 фоизи машғулотларга қатнашмаслиги айтилди.

«Қайси ҳоким ёки ички ишлар бошлиғи бирор марта автомактабларга борган, улардаги ўқиш жараёни билан қизиққан? Умуман, Таълим инспекцияси автомактаблар назоратини эплай олмади», деди давлатимиз раҳбари.

Йиғилишда ҳайдовчиликка ўқитиш ва гувоҳнома бериш бўйича янги тизим яратилиши қайд этилди:

  • Ички ишлар вазирлиги автомактаблар ва имтиҳон марказларига талабларни қайта кўриб чиқади, уларга лицензияларни ўзи беради;
  • Ички ишлар академияси автомактабларнинг методологияси, ўқув дастури, ўқитувчиларнинг малакаси ва ўқитиш сифатини оширишга жавоб беради;
  • Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳайдовчилар тўғрисидаги маълумотлар базаси ва уларнинг рейтингини юритади.

Маълумот учун, 2018 йилнинг май ойида қабул қилинган Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича концепцияда ҳайдовчилар учун 12 баллик тизимни жорий этиш, бир йил давомида жарималари билан 12 балл йиғган шахсни ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилиш бўйича ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиши айтилган эди.