Россиялик таниқли рэпер ва бастакор Алишер Моргенштерн 18 октябрь куни Instagram саҳифасида ўзининг Mercedes-Benz E200 автомобили учун танлов эълон қилган эди. Унда бухоролик Азим Абдуллаев ғолибликни қўлга киритган.

Ўшанда Моргенштерн бухоролик ғолиб йигит билан боғланган ва автомобилни шахсан ўзи етказиб беришини айтган эди. Рэпер Ўзбекистонда божхона расмийлаштируви учун сарфланадиган ҳаражатлар ҳақида хабар топгач, ўз Stories`ида видеохабар қолдирган.

«Ўзбекистонда машина учун божхона тўлови қанча эканини биласизми? Машина нархига тенг экан», — деди Моргенштерн.

Тўғридан-тўғри эфир вақтида у машинани етказиб беришда ёрдам кераклиги ҳақида ҳам гапирган. «Биз шов-шув кўтариб борамиз ва машинани ҳамюртингизга топширамиз. Сизлар ҳам бизга пешвоз чиқинг», — деган Моргенштерн.

Мусиқачи Юрий Дудга берган интервьюсида Mercedes-Benz`ни ғолибга етказиш учун 2 млн рубль тўлаши зарурлигини маълум қилган.

Mercedes-Benz автомобилининг яна бошқа номи «Мерин» бўлиб, Моргенштерн ўз композицияларидан бирини ушбу машинага бағишлаган (унда ҳақоратли сўзлардан кўп маротаба фойдаланилган). Қўшиқ Youtube`да эълон қилингач, тез фурсатларда 80 млн мартадан кўпроқ кўрилган. Моргенштерн автомобиль учун тахминан 4 млн рубль (51 минг АҚШ доллари) сарфлаган.

Давлат божхона қўмитаси Kun.uz`га ушбу автомобилнинг Ўзбекистонга кириб келиши учун қанча тўлов амалга оширилиши лозимлигини маълум қилди.

«Мурожаатингизда кўрсатиб ўтилган автотранспорт воситаси ТИФ TНгa мувофиқ 8703 23 198 1 коди билан таснифланган тақдирда, амалдаги қонун ҳужжатларига асосан божхона қийматидан 30 фоиз ҳамда двигатель ҳажмининг ҳар бир см3 учун 2,5 АҚШ доллари миқдорда импорт божи, 15 фоиз миқдорда ҚҚС, божхона қийматидан 0,2 фоиз божхона расмийлаштируви учун йиғим, БҲМнинг 120 баровари миқдорида утилизация йиғими ставкалари қўлланилади», — дейилади хабарда.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 538 млн 713 минг 760 сўм асосида божхона тўловлари ҳисобланганда, ундирилиши мумкин бўлган миқдор 353 млн 801 минг 986 сўмни (9 ноябрдаги МБ курсига кўра, қарийб $34 мингни) ташкил этади.

Бундан ташқари, агар товарнинг келиб чиқишига доир маълумотларда номувофиқлик тасдиқланса, божхона божининг ставкаси икки баравар орттирилган ҳолда ҳисобланади. Яъни, бунда божхона тўловлари миқдори 598 млн 959 минг 482 сўмни ($57,7 мингни) ташкил этиши мумкин, дея қайд этилган қўмита маълумотида.