Беларусь президенти Александр Лукашенконинг Ўзбекистон келгусида Иттифоқ давлатига қўшилиши мумкинлиги ҳақида билдирган фикри Ўзбекистоннинг фаол жамоатчилиги орасида кескин муносабатни шакллантирди.

«Лукашенконинг фантазияларини жиддий қабул қилиш шарт эмас»

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси, Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов ўз навбатида Лукашенконинг Ўзбекистон ҳақидаги фантазияларини жиддий қабул қилиш шарт эмас, дея ҳисоблашини маълум қилди.

Сиёсатчи ўзининг ушбу таъкидини қуйидагича далиллайди: «Беларусда ўтказилган сўнгги ижтимоий сўровлар Александр Лукашенконинг сиёсатчи сифатидаги рейтинги 25−30 фоиз атрофида эканлигини кўрсатган. Шу билан биргаликда, сўровда иштирок этганларнинг 46% — «ҳеч қачон Лукашенкога овоз бермаслиги»ни маълум қилган. Бугун кўплаб ривожланган давлатлар Лукашенкони Беларусь халқи номидан гапира олмайдиган шахс деб ҳисоблайди. Шунинг учун, бугунги кунда бу инсоннинг Ўзбекистон ҳақидаги фантазияларини жиддий қабул қилиш шарт эмас».

«Зўравонлик ва таҳдид устига қурилган давлатлар қанчалар мустаҳкам кўринмасин, мўрт бўлишини тарих кўп исботлади»

«Миллий тикланиш партияси етакчиси Алишер Қодиров Лукашенконинг гапларига муносабат билдирибгина қолмасдан, яқин 15 йилда Ўзбекистон ўз режаларида нималарга эътибор қаратиши лозимлигини ҳам прогноз қилди.

«15 йилдан кейин собиқ совет республикалари Россия атрофида бирлашиб, 350−400 миллион аҳолига эга бирлик қурадилар… деган хулосага келишмоқда видеодаги икковлон. Зўравонлик ва таҳдид устига қурилган давлатлар қанчалар мустаҳкам кўринмасин, мўрт бўлишини тарих кўп исботлади. Ушбу режалар тескари тўлқин яратиши ва совет империясини тикламоқчи бўлаётганлар ҳудудида янги давлатлар пайдо бўлиши эҳтимолини кучайтиради. Бу эса, албатта, минтақада жиддий иқтисодий ва ижтимоий силкинишларга сабаб бўлиши мумкин. Яқин 15 йиллик режаларимизда ушбу эҳтимол кўзда тутилиши керак», — деб ёзиб қолдирган Алишер Қодиров.

«Иккитаси ўтирволиб, Ўзбекистон тақдирини муҳокама қилишибди»

Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев Лукашенконинг гапларига муносабат билдирар экан, Қозоғистондаги воқеалар фонида ҳам у Ўзбекистонни огоҳлантириб, сабоқ чиқаришга чақирганини эслайди. «Энди булар яна навбатдаги ахборот ҳужумини уюштиришибди. Мақсад очиқ-ойдин кўриниб турибди. Бир амаллаб эски империяни тиклаб олиш ва ҳаммани ягона давлатга бирлаштириш», деб ёзади ҳуқуқшунос.

Хушнудбек Худойбердиев ўз постида Беларусь президенти ва ундан интервью олган Владимир Соловьёвни «кун бўйи маҳаллани бошида ўтириб, ўтганни ҳам, кетганни ҳам муҳокама қиладиган, маҳалладаги ҳамманинг оилавий ва шахсий ҳаётига бурнини тиқиб, бировлар учун қарорлар қабул қилади, буни қиласан, уни қиласан, деб ақл ўргатадиган кампирлар»га ўхшатган.

Блогер ўз постида Лукашенкони Беларусь президенти эмас, «Беларусь фуқароси» деб қайд этган. Хушнудбек Худойбердиев Соловьёв олдиндан режалаштирилган ва аниқ мақсад сари йўналтирилган саволни берганлигини, Лукашенко ҳам шу саволни кутганлиги ва олдиндан тайёр бўлганини таъкидлаган. «Аҳа, ёқмай қолсин. Гап янги СССР ҳақида кетмоқда. Бу Россиянинг азалий орзуси-ку», — дейди блогер.

«Бу икковлон суҳбат жараёнида ягона армия, ягона пул бирлиги ва ягона мудофаа чегараси ҳақида ҳам гапиришган. Энг кулгилиси, „биз бунга мажбурмиз, чунки ғарб бизга умумий душман эканлигини кўриб турибмизку“, дейишган. Россия ва Беларусь шахсий жунни аралаштириб юбормаяптими, мабодо?», — дейди у.

Худойбердиевнинг фикрича, илгари бундай фикрлар яширин даъватлар орқали айтилган бўлса, энди «сурбетларча очиқ тарғибот ва баъзи жойларида таҳдидга ўтилмоқда».

«Улар тушунмаяптики, Ўзбекистоннинг ўз танлаган йўли ва принциплари бор. Ўзбекистон у хоҳ шарқ бўлсин, хоҳ ғарб бўлсин, бошқа давлатлар билан тенг шерикликдаги ўзаро манфаатлар юзасидан ҳамкорлик қилади. Худо хоҳласа, доим шундай бўлиб қолади. Россия ва Беларусь эса ўзининг АҚШ ҳамда Европа билан боғлиқ муаммолари, санкцияларини ўзи ҳал қилсин. Бизни бунга аралаштирмасин. Ва бизнинг тақдиримизни биз учун ҳал қилишни ҳам йиғиштиришгани маъқул. Ўзбекистон тақдирини ўзбек халқи ҳал қилади, илоҳим, бошқаларга кунимиз қолмасин», — деб якунлайди ўз фикрини ҳуқуқшунос.

«Лукашенко яна ўша ҳунарини қиляпти»

Адлия вазирининг маслаҳатчиси, блогер Шаҳноза Соатова Лукашенконинг Ўзбекистон иттифоқ давлат таркибига барибир қўшилиши ҳақидаги фикрига муносабат билдирар экан, Беларусь президенти яна «ўша ҳунарини қилаётганини» билдирган.

«Битта ўзим бу ерда ўтиравераманми, бошқалар ҳам кирсин иттифоққа деяпти ёнбошлаволиб Кремлнинг пропагандачиси Соловьевга. У ҳам яйраб кетяпти. Айтишича, биз барибир қўшиларканмиз, «союз» тикланаркан, бу кишимнинг тўлиқ бахти учун шу етишмай турганмиш. Қачонгача «батька» Мустақиллигимизни таҳқирловчи, камситувчи, бизнинг давлатчилигимизга таҳдид бўлган бу каби сўзларини айтаверади ва биз жим ўтираверамиз?

Вазир маслаҳатчиси ушбу масала бўйича Ташқи ишлар вазирлиги муносабат билдиришини сўраб, вазирликка мурожаат қилган.

«Нимадир қиласизларми ё бўйнимизни эгиб, сукут аломати ризо деб ўтираверамизми? Ўтган гал гапирганида президент аниқ-тиниқ қилиб ташқи сиёсатимиз йўналишини кўрсатиб берди-ку, шунга таяниб нимадир қилиш, норозиликни билдириш, бундай гапларга тоқат қила олмаслигимизни айтиш қийинми?», деган блогер.

«Ишонч керак эртамизга, мустақиллигимиз бардавомлигига. Беринглар шу ишончни, муносиб дипломатик жавоб қайтаринглар бу одамга», — дея якунлаган ўз сўзини Соатова.

Лукашенконинг охирги баёнотлари расмий Тошкентга ўта жиддий сигнал бўлиши керак

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Беларус президенти Лукашенконинг Ўзбекистон ҳақидаги гапларига муносабат билдирар экан, «бу чиқиш Тошкентга ўта жиддий сигнал бўлиши керак», дея таъкидлаган.

Камолиддин Раббимов Лукашенкога таъриф берар экан, уни «Путин командасининг анча ялқов „ҳимоячиси“ бўлганини, бироқ Беларусдаги оммавий намойишлар кўп нарсани ўзгартирганини, кейинги бир-икки йилда, Лукашенко асосий „ҳужумчига“ айланганини, бугун постсовет ҳудудидаги Путиндан кейинги иккинчи „интегратор“, „иттифоқ мафкурачиси“ мақомини олганини» баён этган.

Раббимовнинг таъбирича, Лукашенко Ўзбекистонга «суверенитетинг ўзингда қолаверсин — сени ички ишларинг, иқтисодиётинг, ижтимоий муаммоларинг билан шуғилланишга бизни тоқатимиз йўқ! Лекин, мустақилллигинг бўлмайди: ташқи сиёсатда, геосиёсатда Путин назоратида бўласан!» демоқда. Яъни, Ўзбекистонга мурожаат қилиб, «геосиёсатдаги сенинг кўп векторли сиёсатингни умри оз қолаяпди! Қаршилик қилмай, бўйсунишга тайёр тур!» демоқда.

«Лукашенконинг баёнотидан билиш мумкинки, Кремлда собиқ иттифоқни янги форматда қайта тузиш борасида яхши ўйланган лойиҳалар мавжуд. Евросиё Иқтисодий Иттифоқи — иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти эмаслиги, геосиёсий назорат ва бошқаларга геосиёсий қарши туриш лойиҳаси эканлиги, олдиндан маълум эди. Лекин, Лукашенконинг охирги баёнотлари, расмий Тошкентга ўта жиддий сигнал бўлиши керак. Иллюзияларга, ўзини юпатишга мутлақ ўрин қолмади», — деб ёзган сиёсатшунос.