Ўзбекистон ва постсовет ҳудудининг айрим бошқа мамлакатлари 15 йилдан сўнг Иттифоқ давлати таркибига кириши мумкин. Александр Лукашенко «Соловьев Live» каналига берган интервьюсида шундай фикр билдирди.

Лукашенкога кўра, 1999 йилда Россия ва Беларусь томонидан шакллантирилган бирлашма таркибига собиқ совет республикаларининг яна бир нечтаси кириши мумкин.

«Беларусь аллақачон қўшилган. Фикримча, Қозоғистон учун ҳам яхшигина сабоқ бўлди. Агар сиз 15 йиллик муддат ҳақида гапираётган экансиз, аминманки, Украина ҳам шу иттифоқ таркибида бўлади, агар биз хатоликларга йўл қўймасак. Қолганлар эса, периметр бўйлаб ёки ушбу куч жамланиши жараёнида қаерда бўлади дейсиз? Арманистон ҳеч қаерга боролмайди. Нима, сиз улар кимгадир керак деб ўйлаяпсизми?» — деди Лукашенко.

Беларусь раҳбарининг таъкидлашича, Озарбайжоннинг қўшилиш масаласи бироз сўроқ остида. У бунинг боисини йўл қўйилаётган кўпсонли хатолар ҳамда Туркия қўллаб-қувватловига боғлаган.

«Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон учун ҳам, шунга зарурат туғилади, энг аввало иқтисодий зарурат туфайли улар учун қўшилишдан бошқа чора қолмайди», — деди у.

Беларусь раҳбарининг сўзларига кўра, Иттифоқ давлати суверен давлатлар бирлашмаси бўлади.

«Бу мустақил давлатлар бирлашмаси бўлади. Йўқ, мустақил эмас, балки суверен давлатлар. Мустақил — бу нисбий тушунча. Газ ва нефтнинг ҳаммаси Россиядан келиб турса, мен қандай қилиб мустақил бўлишим мумкин. Албатта, бунда мамлакат [байроғи], мадҳияси, раҳбарияти сақлаб қолинади», — деган Лукашенко.

Лукашенконинг фикрича, ушбу бирлашма умумий мудофаа майдони ва эҳтимол, ягона пул бирлиги бўлишини назарда тутади.

Иттифоқ давлати — бу Москва ва Минск 1999 йилда ишлаб чиқа бошлаган Россия ва Беларусь интеграция лойиҳасидир. У умумий парламент, валюта ва қонунчилик яратилишини кўзда тутади. 20 йилдан ортиқ муддат давом этган ҳамкорлик давомида томонлар фақатгина солиқ ва божхона қонунчилигини синхронлаштиришга яқинлашишди. Москва шаҳрида сентябрь ойида бўлиб ўтган учрашувда президентлар Владимир Путин ва Александр Лукашенко томонидан 28 та иттифоқ дастури тасдиқланганди. Сўнгра ушбу дастурлар Иттифоқ давлати вазирлар кенгаши йиғилишида маъқулланди.

Эслатиб ўтамиз, 10 январь куни ОДКБ саммитида Александр Лукашенко Қозоғистонда юз берган январь инқирозидан «энг аввало Ўзбекистон хулоса чиқариши кераклиги», чунки тартибсизликлар ташкилотчиларининг «нигоҳлари айнан шу давлатга қаратилгани» ҳақида баёнот қилган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев бунга жавобан Беларусь президентининг баёнотини «ассоссиз"лигини билдирган ҳолда, «Биз минтақадаги вазиятни, хавфсизликка бўлган барча хавф-хатарларни диққат билан кузатиб боряпмиз. Ҳар қандай таҳдидга нисбатан муносиб жавоб қайтариш ва зарба бериш учун биз етарли куч ва салоҳиятга эгамиз», — дея таъкидлаган эди.