Якшанба куни президент Шавкат Мирзиёев учун ўтказилган тақдимотда электр таъминоти тизими қувватларини кенгайтириш масаласи ҳам кўтарилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

25 январь куни энергетика тизимида техник носозлик юз бериб, мамлакатдаги барча электр станциялари ишламай қолди ва фавқулодда ҳолат юзага келди. Электр узилиши Қозоғистоннинг жануби ва бутун Қирғизистонга ҳам таъсир кўрсатди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида бунга «бир қанча сабаблар борлиги» қайд этилди.

«Ягона энергетика тизими 220−500 киловольтли магистрал электр тармоқлар орқали тўлиқ ҳалқалаштирилмаган. Шимоли-Ғарбий ва Жануби-Ғарбий энергоузелнинг асосий қисмида 500 киловольтли тармоқлар йўқ. Баъзи магистрал тармоқлар қўшни давлатлар ҳудуди орқали ўтган», — дейилади хабарда.

Электр узатиш линияларининг узунлиги. «Ўзбекистон 24″ видеосидан лавҳа.

Мавжуд подстанция ҳамда трансформаторлар сони. «Ўзбекистон 24″ видеосидан лавҳа.

Мамлакатдаги энергетика тизимининг барқарорлигини таъминлаш учун 500−750 кВ кучланишли тармоқларни қуриш орқали ягона ҳалқа тизимини яратиш кўзда тутилган. 2026 йилга келиб умумий ишлаб чиқариш қувватини 27,4 минг МВтга, йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини эса 110 млрд кВт/соатга етказиш режалаштирилган. Шунда ягона тизим яратилиши билан республиканинг барча ҳудудлари 500−750 кВ кучланишли тармоқлар орқали ишончли тарзда уланади, дейилади хабарда.


Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ раиси Абдуғани Сангинов ва «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ раҳбари Дадажон Исоқулов. Ўзбекистон 24″ видеосидан лавҳа.

Шавкат Мирзиёев электр энергияси тизимини ислоҳ қилиш, қўшни давлатлар билан соҳадаги ҳамкорликни давом эттириш ва ривожлантириш зарурлигини таъкидлаган. Электр энергияси қувватларини ошириш ҳамда уни етказиб беришни автоматлаштириш бўйича қарор лойиҳасини тайёрлашга кўрсатма берди.

«Бундан асосий мақсад электр энергияси тизимини барқарор қилиб, хавфсизлигини мустаҳкамлаш, халқимизни бу муҳим манба билан узлуксиз таъминлашдир», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Давлат раҳбарининг топшириғига кўра, бош вазир раислигида тузилган ҳукумат комиссияси авария сабабларини ўрганишни давом эттирмоқда.

Комиссия носозлик сабабларини ҳозирча очиқламади, бироқ Ўзбекистон Энергетика вазирлиги вакили носозлик Сирдарё ИEСда юз берганини маълум қилди: «Бунда 1600 МВтлик катта қувват йўқолган (ИEСнинг умумий қуввати 3200 МВт — таҳр.). Фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш [фаоллаштириш] натижасида бутун республика бўйлаб ишлаб чиқариш объектлари тизимдан ажратилди».

Пайшанба куни қозоғистонлик электроэнергетика бўйича эксперт Петр Своик «Газета.uz»га берган интервьюсида авария Сирдарё ИЭСда содир бўлгани ҳақида гапирган эди. У, шунингдек, минтақа энергия ҳалқаси қандай таркиб топгани ва инқироз яна такрорланиши мумкин ёки йўқлиги борасида ўз фикрларини билдирди.

Қозоғистонлик KEGOC электр тармоқлари оператори ҳам тизимдаги носозлик сабаби Сирдарё ИEСдаги носозликлар бўлганини таъкидлаганди.