Марказий банк бошқаруви «Пул-кредит сиёсатининг 2022 йил ва 2023−2024 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари»нинг дастлабки концептуал лойиҳасини тасдиқлади.

Мазкур ҳужжатни ишлаб чиқишда, биринчи навбатда, иқтисодиётда нархлар ва молиявий барқарорликни таъминлаш, инфляция даражасини 2023 йил якунига қадар 5 фоизгача пасайтириш мақсадларидан келиб чиқилган.

МБнинг қайд этишича, ташқи ва ички шароитларнинг келгусидаги ўзгариши бўйича ҳали ҳам юқори ноаниқликлар сақланиб қолаётганлигини инобатга олиб, ўрта муддатли макроиқтисодий прогнозларни ишлаб чиқишда икки хил сценарий асосидаги ривожланиш кутилмаларига таянилди. Бунда, ташқи ва ички омилларнинг макроиқтисодий кўрсаткичларга таъсир кўлами ва давомийлигини инобатга олиб ўрта муддатли макроиқтисодий ривожланишнинг асосий ва муқобил сценарийлари ишлаб чиқилди.

Жаҳонда вакцинациялаш жараёнининг бориши ривожланган давлатлар бўйича иқтисодий ўсиш суръатларининг тезроқ тикланиши, ривожланаётган давлатларда эса нисбатан сустроқ тикланишини белгиловчи асосий омиллардан бўлаётган шароитда сценарийлар шартларини белгилашда пандемия билан боғлиқ вазият муҳим омил сифатида қаралди.

Шунингдек, бу йилги ҳисоб-китобларда иқлим ўзгаришлари ва асосий озиқ-овқат маҳсулотлари таклифи, молиявий барқарорлик кўрсаткичлари, амалга оширилиши кўзда тутилаётган ислоҳотлар ва уларнинг кутилаётган натижалари шартли омиллар сифатида инобатга олинди.

Асосий сценарий

Макроиқтисодий ривожланишнинг асосий сценарийсида ташқи ва ички иқтисодий шароитларнинг босқичма-босқич яхшиланиб бориши кутилаётган бўлиб, кескин ташқи хатарлар юзага келиши кўзда тутилмайди. Пандемия билан боғлиқ вазият нормаллашиб, инсон ресурслари миграцияси ва трансчегаравий ҳаракатлар бўйича чекловлар жорий этилмайди.

Мазкур сценарийга кўра, иқтисодий фаоллик юқори суръатларда жадаллашиб бориб, инвестицион ва истеъмол талаби пандемиягача бўлган даражага тўлиқ тикланади.

МБнинг ушбу сценарий бўйича ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилда ялпи ички маҳсулот ўзининг потенциал даражасига етади ва иқтисодий ўсишнинг реал суръатлари 5,5−6,5 фоизни, 2023−2024-йилларда эса қарийб 6 фоизни ташкил этади.

Асосий сценарийда хусусий маҳаллий ва хорижий инвестициялар ҳамда иқтисодиётнинг турли тармоқларидаги таркибий ислоҳотлар иқтисодий ўсишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи сифатида кўрилади.

Макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш вазифалари босқичма-босқич фискал консолидацияни амалга оширишни белгилаб беради ва шу муносабат билан 2023−2024 йилларда умумий бюджет тақчиллиги 2−3 фоизгача камайиши прогноз қилинмоқда.

Юқоридаги омиллар таъсиридан ва тартибга солинадиган нархларни либераллаштириш даражасидан келиб чиққан ҳолда, инфляция 2022 йилда 8−9 фоизни ташкил этиши, 2023−2024 йилларда эса 5 фоизга тушиши кутилмоқда.

Муқобил сценарий

Макроиқтисодий ривожланишнинг муқобил сценарийси шартлари пандемия билан боғлиқ давом этаётган кескин вазият ва иқтисодий фаолликнинг секинлашуви натижасида ташқи иқтисодий шароитнинг ноқулай шаклланиши каби тахминларга асосланади.

Ушбу сценарийга кўра, 2022 йилда ЯИМнинг реал ўсиши 3−4 фоизни ташкил қилиши мумкин. Вазиятнинг нормал босқичга ўтиши билан 2023 йилдан бошлаб иқтисодий фаоллик ва ялпи талабнинг тикланиши кузатилади ва 2023 йилда ЯИМнинг реал ўсиши 4,8−5,8 фоизни, 2024 йилда эса 5,5−6 фоизни ташкил этиши тахмин қилинмоқда.

Шу билан бирга, ички иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2022 йилда фискал рағбатлантириш давом эттирилади ва кутилаётган бюджет тақчиллиги ЯИМнинг тахминан 4−5 фоизини ташкил этади. Макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш мақсадида 2023 йилда фискал консолидация бошланади ва 2023 йилда бюджет тақчиллиги 3−4 фоизгача, 2024 йилда эса ЯИМнинг 2−2,5 фоизигача камайиши прогноз қилинмоқда.

Муқобил сценарий шароитида макроиқтисодий ривожланишни шакллантириш тартибга солинадиган нархларни либераллаштиришни келгуси даврларга қолдиришни тақозо этади, дея қайд этади Марказий банк. Натижада, ушбу сценарий шароитида умумий инфляция даражаси 2022 йилда 7,5−8,5 фоизни, 2023 йилда эса тахминан 5,6−6,6 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда.

Юқоридаги сценарийларнинг ҳар бирида пул-кредит сиёсатининг асосий мақсади иқтисодиётда нарх-наво ва молиявий барқарорликни таъминлаш ҳамда инфляциянинг мақсадли кўрсаткичларига (таргетига) эришишдир, деб таъкидлайди регулятор. Бундай ҳолда, пул шароитларининг қаттиқлиги даражаси сценарийларга хос бўлган вазиятнинг шаклланишига қараб белгиланади.

Асосий сценарийда пул-кредит сиёсатининг нисбатан қатъий шароитлари сақлаб қолинса, муқобил сценарийда эса пул-кредит шароитларини бироз юмшатиш ҳамда нархлар барқарорлиги ва иқтисодий фаолликни рағбатлантириш мақсадлари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш бўйича чоралар кўрилиши мумкин.

Келгуси йилларда алоҳида аҳамият қаратилиши лозим бўлган масала — бу инфляциянинг узоқ муддатли барқарор омилларини бартараф этиш масаласи ҳисобланади. Бу, биринчи навбатда, истеъмол бозорида рақобатни ривожлантириш, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, товарлар импортида концентрациялашув даражасини пасайтириш, ҳудудларда савдо ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ривожлантириш каби чораларни амалга оширишни тақозо этади.

Ушбу таркибий ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши инфляциянинг таргет даражасига етганидан сўнг пул-кредит шароитларини босқичма-босқич нейтрал шартларга ўтказиш имконини беради.