Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов 20 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида ҳукуматнинг Ўзбекистонда энергия ресурслари нархларини либераллаштириш бўйича режаларига муносабат билдирди.

Ноябрь ойида «Газета.uz» ҳукуматнинг бюджет хулосасига таяниб, 2022 йилда тарифларни (электр, газ, иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти, совуқ сув ва канализация учун) индексация қилиш, яъни ошириш режалаштирилгани ҳақида хабар берган эди.

Ҳисоб палатасининг ҳисоб-китобларига кўра, энергия ресурслари ва коммунал хизматлар учун тарифлар ўртача 27 фоизга ошиши мумкин. Хусусан, электр энергияси нархи 33 фоизга, газ нархи 21 фоизга, иссиқ сув ва иситиш тизими 20 фоизга, совуқ сув ва канализация нархи 34 фоизга ошиши мумкин.

«Энергия ресурслари нархларини эркинлаштириш — кун тартибимиздаги масала. Бу бўйича ҳукумат ҳар хил вариантларда ишлаяпти. Албатта, бу нарсадан ўтишимиз керак. Тўғри тушунимиз керак», — деди Мамаризо Нурмуратов.

МБ раҳбари Ўзбекистондаги вазиятни Қозоғистонда сиқилган газ нархи ошиши норозилик ва тартибсизликларга олиб келган ҳолат билан таққослаш нотўғри бўлишини маълум қилди.

«Ҳар бир мамлакат ўзининг иқтисодий шароитидан, иқтисодий салоҳиятидан, иқтисодий реформаларидан келиб чиққан ҳолда бу вазиятни белгилайди. Шунинг учун бу — иқтисодий ислоҳотларимизнинг бир бўлаги сифатида кун тартибимизда турган масаладир», — дея маълум қилди у.

Ҳукумат 2020 йилнинг февраль-март ойларида электр энергияси ва газ тарифларини оширишни режалаштирган эди, бироқ коронавирус пандемияси туфайли бу чора кейинга қолдирилди. Марказий банк иқтисодиётни ривожлантиришнинг асосий сценарийсида тартибга солинадиган нархлар (энергетика ресурслари, коммунал хизматлар ва бошқалар) 2022 йилда ёки 2022−2023 йилларда босқичма-босқич тўлиқ эркинлаштирилишини кутган эди.