Катта миқдордаги хорижий валютани Ўзбекистондан олиб чиқиш билан шуғулланган шахслар қўлга олинди. Мазкур ҳолат юзасидан Наманган ва Андижон вилоятларида ДХХ томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар лавҳаси «Ўзбекистон 24» телеканалида эфирга узатилди.

Тадбир давомида Анжидон вилояти Қўрғонтепа туманининг чегара олди ҳудудида яшовчи, 1990 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги Damas автомобили текширилганида, унинг салонида 968 900 АҚШ доллари борлиги маълум бўлган. Пуллар процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Таъкидланишича, тезкор тадбир тумандаги ёғоч бозорида давом эттирилган. Юқоридаги фуқарони кутиб турган 1964 йилда туғилган (муқаддам судланган) фуқаро ҳам ушланган. Унинг Damas автомобилидан эса 672 206 АҚШ доллари чиққан ва у ҳам тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

«Бундан ташқари, Ўзбекистонда вақтинча рўйхатдан ўтиб яшаётган, ушбу жиноий гуруҳ етакчиси, қирғизистонлик 1974 йилда туғилган шахс Тошкент шаҳрида, қолаверса, гуруҳ аъзолари бўлмиш 5 нафар Қирғизистон фуқароси Андижон шаҳрида қўлга олинди», — дейилади хабарда.

Фото: Видеодан лавҳа.

Ўтказилган тезкор тадбир натижасида жами 1 млн 641 минг 106 АҚШ долларининг мамлакат ҳудудидан ноқонуний олиб чиқиб кетилишига чек қўйилган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 182-моддаси 2-қисми «a» банди (Божхона тўғрисидаги қонунчиликни жуда кўп миқдорда бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Айни вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Улар БҲМнинг 300 бараваридан 600 бараваригача (8,1 млн — 16,2 млн сўм) миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 5 йилдан саккиз 8 озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.