Марказий Осиёнинг бирданига учта давлати — Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон 25 январь куни кенг кўламда юз берган электр таъминоти узилишидан азият чекди. Тўхташ оқибатида Ўзбекистон аэропортлари маълум муддатга ёпилди, Тошкент, Бишкек ва Олма-ота кўчаларида светофорлар ишламай қолди, иссиқлик, сув таъминоти ва канализация тизимларида узилишлар юзага келди. Тошкентда метро поездлари тўхтаб, у ердан юзлаб йўловчиларни эвакуация қилишга тўғри келди.

Электр узатишдаги узилишлар оқибатида Ўзбекистондаги 64 та газ конининг фаолияти тўхтаб қолди. Газ ишлаб чиқариш ҳажмининг пастлаб кетиши иссиқлик электр станцияларининг фаолиятига таъсир кўрсатди. Газ қувурларида газ босими тушиб кетиб, қозонхоналар истеъмолчиларни иссиқлик билан таъминлай олмай қолди. Ёқилғи қуйиш шохобчалари бир кунга ўз фаолиятини тўхтатди.

Орадан бир неча соат ўтиб Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида электр таъминоти қайта тиклана бошлади. Сув, газ ва иссиқлик таъминоти қайта ишга туширилишига кўпроқ вақт талаб этилди. Мамлакат Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, электр таъминотининг тўлиқ қайта тикланиши учун икки суткадан кўп вақт керак бўлди.

Ҳодисанинг аниқ сабаблари ва у қаерда содир бўлган бўлиши мумкинлиги ошкор этилмади. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра, воқеа сабабларини ўрганиш ва бундай ҳолатларнинг олдини олиш режасини ишлаб чиқиш бўйича бош вазир бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилди.

Авария ўчоғи қаер эди?


Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz»

Электр энергияси ўчганидан бир соат ўтиб Ўзбекистон Энергетика вазирлиги қўшни Қозоғистоннинг электр тармоқларида авария содир бўлгани, бунинг натижасида Олма-ота, Чимкент, Тараз, Туркистоннинг баъзи қисмларида электр таъминоти узилиб қолгани ҳамда Қирғизистон — Бишкек, Ўш ва бошқа вилоятларга зарар етказилгани ҳақида хабар берди. Қозоғистондан келаётган Л-530 линиясида кучланиш ва частотанинг кескин ўзгариши минтақанинг ягона энергетика тизимига уланган Ўзбекистон энергетика тизимига салбий таъсир кўрсатди.

Кейинчалик хабар ўзгартирилди. Энди унда шунчаки электр энергияси ўчишига сабаб Марказий Осиё ягона электр тармоғидаги йирик авария сабаб бўлгани айтилган эди. Бу ягона энергия тизимига уланган Тошкент ва Сирдарё иссиқлик электр станцияларининг автоматик тўхтаб қолишига олиб келганди. Бу, ўз навбатида, Толимаржон ва Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияларининг тўхташига олиб келди.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти, Фарғона водийси, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Бухоро ва Қашқадарё вилоятлари электрсиз қолди. «Газета.uz» манбалари Қорақалпоғистондаги электр узилишлари ҳақида хабар беришди.

Энергетика вазирлигининг бошқарма бошлиғи Абдумалик Назиров чоршанба куни Халқаро пресс-клуб сессиясида 25 январь куни соат 10:57 да Сирдарё ИЭСида носозлик кузатилгани ҳақида хабар берди.

«1600 МВт ҳажмидаги катта қувват йўқотилди (ИЭСнинг умумий қуввати — 3200 МВт — таҳр). Аварияга қарши ҳимоя [ишга тушгани] натижасида бутун республикадаги ишлаб чиқариш ҳажми тизимдан узилди… Агар электр станцияларининг энергоблоклари аварияга қарши ҳимоя тизими туфайли тўхтатилмаганида, у ҳолда генераторларга зиён етган ва авария ҳолатини бартараф этиш учун кўпроқ вақт талаб этилган бўларди», — деди у.

«Энергетика тизими олдига улкан вазифа қўйилган — бу барча электр станциялар ва магистрал линияларнинг ягона тизимга уланишини қайта тиклаш, сабаби, аварияларга қарши ҳимоя тизимининг ишлаб кетиши натижасида тизим автоматик ўчирилган. Биринчи навбатда Чорвоқ гидроэлектр станцияси фаолияти йўлга қўйилиб, у орқали электр энергияси энергия ҳалқасининг марказий қисмига етиб борди ва энергия таъминоти босқичма-босқич қайта тиклана бошлади», — дея баёнот Энергетика вазирлиги вакили.

Абдумалик Назировнинг таъкидлашича, авария ҳолати юз бергач ва ИЭС тизими ўчгач, энергия таъминоти Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида Туркманистон, Фарғона водийсида эса Қирғизистон орқали қайта тикланишни бошлаган. Унинг сўзларига кўра, қўшни давлатлар кўмагисиз қайта тикланиш босқичи анча узоқ вақтни олган бўлар эди.

Қозоғистон электр тармоқларини бошқариш бўйича KEGOC компанияси авариядан кўп ўтмай, «Марказий Осиё (Ўзбекистон, Қирғизистон) энергетика тизимида юзага келган жиддий фавқулодда номутаносиблик туфайли 500 кВ кучланишга эга «Шимол — Шарқ — Қозоғистон Жануби» электр энергияси транзитида кучланиш юз бергани ҳақида хабар берди.

«Натижада „Шимол — Шарқ — Қозоғистон Жануби“ транзитида Қозоғистон жанубий зонасидаги истеъмолчиларнинг катта қисмини қоплаш орқали авариявий тақсимот юз берган. Чекловлар ҳажми тахминан 1500 МВтни ташкил этади», — дейилган эди хабарда. KEGOC маълумотларига кўра, Қозоғистон ягона энергетика тизими шу куннинг ўзида Нур-Султон вақти билан соат 20:41да нормал режимда ишлай бошлаган.

Шу куннинг ўзида KEGOC бошқарув раиси ўринбосари Бакитхан Жазикбаев «Настоящее время» дастурида берган интервьюсида Ўзбекистондаги Сирдарё ИЭСида авария юз бергани ва буни оқибатида станциянинг 4та энергоблоки ишдан чиққани ҳақида маълум қилди. Мазкур ҳолат Қозоғистон энерготизимида кучланиш ошишига олиб келганди.

Қирғизистонда ҳам ўз навбатида авария улар ҳудудида юз бермагани ҳақида баёнот берилди. Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Акилбек Жапаров шундай деди: «Бу аниқ бизнинг ҳудудимизда рўй бермаган, биз бу ҳақда қўшниларимизга аниқ айта оламиз, керак бўлса, кўрсатиб ва далиллаб беришимиз ҳам мумкин. Бу айнан қаерда ва қандай сабаб билан юз берганини, учта давлат ҳукуматлари илтимосига биноан бундай ҳодисалар келажакда юз бермаслигининг олдини олиш мақсадида ташкил этилган комиссия аниқлаштиради, деб ўйлайман».

Жапаровнинг таъкидлашича, қирғизистонлик энергетиклар техник жиҳозларнинг ишдан чиқишига йўл қўйишмади, шу боис мамлакатнинг барча стратегик объектлари одатдаги тартибда ишлашда давом этди.

«Авария Сирдарё ИЭСида рўй берган»


Петр Своик. Фото: Facebook.

«Газета.uz» қозоғистонлик сиёсатшунос ва энергетика соҳаси эксперти Петр Своик билан боғланиб, ундан блэкаутнинг эҳтимолий сабаблари, Марказий Осиё энергетика ҳалқасини қандай таркиб топгани ва келажакда шу каби бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун нима қилиш кераклиги ҳақида сўради.

Ўзбекистонда Сирдарё иссиқлик электр станциясида қисқа туташув туфайли 4та блок отиб юборди ва 1500 МВтга яқин энергия йўқотилди. Бу бизнинг диспетчерлик хизматларимиз хабарига кўра, мен улар 100% ҳақ, дея туриб олмайман. Аммо биз томоннинг версияси худди шундай.


Сирдарё ИЭС. Фото: Ўзбекистон Энергетика вазирлиги.

Авария етарли даражада жиддий, аммо у локал. У ҳатто ушбу станция учун ҳам ҳалокатли эмас, чунки қувватларнинг аксарият қисми иш фаолиятини тўхтатмаган. Бунинг оқибати ўлароқ, Қозоғистонда, бу жойдан бир неча юз километр узоқликда бизнинг шимолий энергия зонамизни жанубий билан боғлайдиган линиялардан бирида ўчиш юз берган.

Ушбу узилишнинг оқибати сифатида бошқа боғловчи линиялар ҳам ўчишга тушди ва шу сингари кўплаб ҳолатлар юз берди, жумладан, бутун бошли Марказий Осиё ҳалқаси парчаланди — автоматика ишлаб кетишининг оқибати эди бу. Айтганча, ишлаб кетгани яхшиликка эди. Шундай ишлаб кетдики, узилиш рўй берганидан сўнг бирорта станция нольга ўтирмади, бирорта трансформатор подстанциясига шикаст етмади, гарчи бундай иш осонликча юз бериши мумкин эди. Қолаверса, қайта ишга туширилиш ишлари ҳам осон ва тез бўлди. Лекин умуман олганда, бир мамлакатда маҳаллий миқёсда юз бериб, бошқа мамлакатда акс-садо топадиган ва улкан ҳалқа бўйлаб давом этиб кетган авариянинг авж олиб кетиши — мулоҳазага молик масаладир.

Марказий Осиё энергия ҳалқаси қандай таркиб топган


Манба: «Энергия» мувофиқлаштириш-диспетчерлик маркази, 2018 йил.

Мана бизнинг (Қозоғистоннинг — таҳр.) шимолий зонамиз, у шунингдек, Россия энергетика тизимининг ҳам бир қисми саналади, ҳозирча етарли миқдорда генерацияга эга, аммо захираси унчалик катта эмас. Бизнинг жанубий зонамиз эса аллақачон бутунлай дефицитли. Қолаверса, бизнинг жанубий ҳудудимиз бир вақтнинг ўзида Марказий Осиё ҳудуди саналади.

Мисол келтираман: электр энергияси Олма-отадан, бизнинг қозоқ тармоқлари орқали қозоқ Таразига, сўнгра эса Чимкентга етиб бориши учун бу электр қуввати Қирғизистоннинг Бишкекидаги подстанциядан ўтиши керак. Қирғизлардан бизнинг жанубимиз Тараз, Шимкентга келгач, бу ҳалқа Тошкентга қараб кетади ва сўнгра Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб сизларнинг йирик подстанцияларингизни қамраб олган ҳолда, яна қирғиз подстанциясига келади ва ва қирғизлар орқали якунланади.
да орқали ёпилади. Яъни, бу шундай — ҳамкорликда ишлайдиган қозоқ-ўзбек-қирғиз ҳалқасидир. У жисман «темирда», фақат ҳамкорликда ишлаши мумкин, алоҳида ишлай олмайди.

Кейинчалик Ўзбекистон ҳудудида ушбу ҳалқа бошқа бир ҳалқа — тожик ҳалқаси билан боғланади ва тожикларда тармоқланиш Туркманистонга қараб кетади ва бу ерда уни ўчириб қўйса ҳам бўлади. Яъни бутун қозоқ жанубимиз бир вақтнинг ўзида ҳам ўзбек, ҳам қирғиз ва қисман тожик жанубидир. Худди шимолимиз сингари — у бир вақтнинг ўзида Россияники ҳам. Бутун жануб, у хоҳ қозоқ, хоҳ ўзбек, хоҳ қирғиз, ёки тожик ҳудуди бўлсин, — бутунлай дефицитли ва ҳеч кимда уни ривожлантиришга маблағ йўқ — худди мана шу шимолимиз ва жанубимиз ўртасидаги туташувчи линиялар ҳатто нормал ҳолатда ҳам ҳаддан ташқари кучланган бўлади. Ёки уларнинг ўтказувчанлик қобилияти сўнгги чизиққа ўта яқин.

Айнан шунинг учун ҳам нисбатан кичик, ҳатто 1600 МВт энергиянинг йўқотилиши — тўғри, бу кам эмас, аммо бундай кўламлар учун у Ерга учиб келаётган астероиддек бўла олмайди… Мана, буларнинг барчаси содир бўлган Сирдарё электр станциясида ўрнатилган қувват 3000 МВт дан ортиқ. Шунинг учун, 1600 МВт йўқотилган тақдирда ҳам, бу унинг ярми. Бу Ўзбекистон энергетика тизими учун сезиларли, албатта, аммо бу ҳалокатли эмас. [Тизим] тўкилишининг сабаби бутун жануб тотал равишда дефицитли эканлигида, айни вақтда эса жанубнинг шимол билан алоқаси қизил нуқтага етган.

Энергия ҳалқасидаги муаммолар

«Темирда» биз сиз билан умумий энергия тизимига эгамиз, у бошқача ишлай олмайди. Аммо иқтисодий, молиявий маънода биз бўлинганмиз. Ҳар биримизнинг ўз суверен бозоримиз, ички муносабатларимиз мавжуд. Тизим ягона бўлишига қарамай, миллатлараро муносабатлар — қиймат маъносига эга ва кучланишлар ҳеч кимнинг хоҳишига қарамай юз бериб туради. Агар бизнинг линияларимиз ўчирилмаганида эди, сиз биздан етишмаётган 1500 МВтни олган бўлар эдингиз. Кимдир бунга рухсат бергани учун эмас, балки симлар улангани боис энергия ўша томонга йўналар эди. Шунга қарамай, пул борасида ҳам, ва ҳатто диспетчерлаш борасида ҳам бўлинганмиз.

Тошкент — Марказий Осиёнинг энергия маркази эмас, аммо Ўзбекистон — бу Марказий Осиёнинг бошқа республикалари билан чегарадош бўлган мамлакат, у ягона шундай давлат. Ўз вақтида Тошкентда марказий-диспетчерлик пункти мавжуд бўлиб, у қолган пунктларни бошқарган ва шундай ваколатларга эга бўлган. Ҳозирда Тошкентда қандайдир ўзбек марказий диспетчерлик пункти бор, бироқ мен у ҳақда тафсилотларга эга эмасман, у эҳтимол, қирғиз ва тожик энергетикларини назорат қилар ҳам. Эҳтимол, уларни бошқармаса ҳам, ҳарҳолда ўзаро боғлиқ ҳолда ишлайди.

Бизда, Қозоғистонда, ўз тизим операторимиз, ўз диспетчерлик хизматимиз бор ва ўйлашимча, улар қандайдир тарзда сизникилар билан мулоқот олиб боради. Мулоқот қилмасликнинг имкони йўқ. Аммо мулоқот бор жойда, бир вақтнинг ўзида ўзига хос суверенликка интилиш, бўлиниш бўлади. Қаердадир маълумот зудлик билан ва тўлиқ ҳажмда етказилиши, қаердадир ҳатто бир-бирларига сансалорлик қилишга ва ҳатто айтмасликка тайёр бўлишлари мумкин. Баъзи сиёсий ва ҳоказо сабабларга кўра.

Мисол учун, мен, Сирдарё ИЭС ҳақида бизнинг диспетчерларимиз хабарлари орқали билган эдим. Сизларда нима рўй берган, бунисидан хабарим йўқ. Шундай экан, агар электр энергиянинг умумий бозори ташкил этилар экан, у ҳолда ҳамкорликдаги қандайдир диспетчерлик масаласини ҳам ҳал қилиш керак бўлади. Бу пунктлар қаерда жойлашиши — бу масаланинг битта томони, аммо интизом ва диспетчерлик, молия жиҳатидан маълум бир иерархия жуда зарур.

Аварияга қарши тизим қандай ишлайди?

Электр қувватининг ўчиши юз бергани сабаби шундаки, бизнинг шимол ва жанубимиз бўлингандан кейин қолган ҳаммаси бўлинишни бошлади. Марказий Осиё ҳалқаси — қозоқ-ўзбек-қирғиз ҳалқаси ҳам парчаланди. Мана, автоматика (автоматик реле ҳимояси ва автоматлаштириш тизими — таҳр.) ишлаб кетди. Бу алоқалар барҳам топганида эса электр станциялари автоматик равишда ортиқча босимни чиқариб юборади.

Экстремал вазиятларда автоматикага киритилган алгоритмлар истеъмолчилар ҳақида эмас, балки энергетика тизимини қутқариш ҳақида ўйлайди. Улар энергия тизимини тақсимлайди ва электр станцияларини ортиқча босимдан халос этади. Ва фақат ушбу бўлинган энергия тизими ва ортиқча босимдан халос бўлган электр станциялари ичида тоифалар бўйича санаб ўтилган истеъмолчиларнинг электр таъминоти сақланиб қолади. Ҳаммаси ўчган эмас, автоматлаштиришда ёзилгани, ўчирилиши мумкин бўлгани ўчди. Масалан, иссиқ сув таъминоти, касалхоналар ва бошқалар, мени ўйлашимча, ўчирилмади. Автоматика ўзига хос тарзда етарлича ақлли ва айни вақтда тўғри ишлаган.

Биринчидан, энерготизимнинг алоҳида тугунларида авария ҳолати рўй беришига йўл қўймаслик керак. Иккинчидан, керак бўлса захираси билан шундай энерготизимга эга бўлиш керак-ки, у ҳатто қаердадир нимадир рўй берадиган тақдирда ҳам тўкилмасин.

Бу яна такрорланиши мумкинми?


Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

«Ҳа, бутунлай. Чунки ҳаммаси зўриқиш чегарасида ишламоқда. Ва агар шундай эксцесслар юз берса, 1000 МВт, 1500 МВтлаб қувватлар қаердадир йўқолиб қолаверса, у ҳолда яна такрорланиши мумкин. Агар ўша вақтда линиялар ҳаддан ташқари кучланиш билан ишлаётган бўлса, улар ўчишни бошлайди ва ҳаммаси такроран юз беради.

Нима қилмоқ керак? Умуман олганда, имзоланган режаларни бажармоқ лозим. Евроосиё иқтисодий иттифоқи президентлари икки йил аввал нефть, газ ва электр энергиясининг умумий бозорини яратиш режасини имзолаган эди. Бундай бозор 2025 йилга бориб ташкил этилиши керак. Бу бозорни яратибгина қолмай, уни бундай нохуш барча муаммоларга олиб келган ўша етишмаётган ишлаб чиқариш билан тўлдириш керак бўлади.

Ўзбекистон энергия ҳалқасида электр энергиясини узатмоқдами ёки истеъмол қилмоқда?

Агар расмий муносабатларни оладиган бўлсак, униси ҳам, буниси ҳам эмас. «Темирда», албатта, ҳар сонияда нимадир рўй беради. Агар диспетчерлик сводкаларини суткалар ва ойлар тақсимотида олиб қарайдиган бўлсак, у ҳолда қозоқларнинг ўзбеклар билан ҳеч қандай муносабатлари йўқлигини кўриш мумкин. Янаям тўғрироғи: баъзида бўлиб туради. Қирғизистон билан кўпроқ. Шунчаки Қирғизистон биздан кейин, яъни, қирғизлардан ўтиб ўзимизнинг жанубимизни тўйинтира олмаймиз. Ўзбеклар билан эса бизда тўлиқ суверенитет.

Энергия тизимини автоном тарзда ривожлантириш мумкинми?


«Албатта, мумкин, аммо бу ерда қуйидагиларни яхши англаш керак. Замонавий энергетика — бу коллектив иш. Ҳар ким ўз бўлагига эга, бироқ аслида бу умумий тизим. У СССР деб аталган ушбу йирик давлат доирасида ҳамма нарса ўз-ўзини таъминлашга қурилганлиги натижасида пайдо бўлиши мумкин эди.

Аввал бошда ГОЭЛРО режаси бўлган (Россияни электрификациялаш бўйича давлат режаси — таҳр.), ўша вақтларда америкаликлардан, немислардан, хуллас кимдан харид қилиш мумкин бўлса, харид қилишарди. Аммо умуман олганда, СССР энергетика комплекси ўз қозонлари, турбиналари, генераторлари, асосий жиҳозларни ишлаб чиқаришда туриб қолди, — буларнинг барчаси маҳаллий ишлаб чиқариш эди. Улар балки Болтиқ бўйида ёки Хабаровскда ишлаб чиқарилган бўлиши мумкин, аммо буларнинг барчаси маҳаллий эди. Бу шу турдаги инфратузилмани яратишнинг ўзига хос шарти эди.

Агар сиз Ўзбекистоннинг энергетика соҳасини алоҳида ривожлантиришга бел боғлган экансиз, у ҳолда, биринчидан, бу қисмнинг ўзи Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон умумий энергетикани ривожлантириш масаласини биргаликда ҳал қилганда керак бўладиган ҳаражатлардан кўпроғини талаб этади. Қолаверса, иқтисодий ечимлари ҳам самарасиз бўлади.

Иккинчидан, агар сиз уни бошқалардан сотиб олинадиган ишлар ҳисобига ривожлантирсангиз, у муқаррар равишда бир оз олдин ёки кейин маҳсулоти айрим, аҳолининг таъминланган қисми ва жиддий бизнесгагина чўнтакбоп бўлган элита тизимга айланади. Қолганлар эса шам ёки бошқа бирор маҳсулотга ўтишлари керак бўлади. Бошқадан харид қилинадиган иш эвазига ўзиникини яратиб бўлмайди.

Ўзбекистонда АЭС қурилиши билан нима ўзгаради?


Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда Россия лойиҳаси бўйича барпо этиладиган бўлажак АЭС макетини томоша қилишмоқда, 2018 йил, октябрь. Фото: Алексей Никольский / РФ президенти матбуот-хизмати / ТАСС.

Атом электр станциясини қуриш тўғрисидаги қарор — барча сабабларга кўра жуда тўғри. Бу янги технологияларни ўзлаштириш, газ генерациясининг ўрнини босиш демак, ахир сизлар катта ишларни бошлаб, кўплаб газ қувватларини барпо этдингиз, ҳатто буғ-газ қурилмаларини ҳам — бу юқори технологиялар дегани, бу жуда самарадор, аммо газ абадий эмас ва уни диверсификациялаш лозим.

Атом электр станцияси жуда фойдали бўларди, фақат у ўзбекники бўлса, аммо у ўзбекники бўлолмайди. Шунчаки, Ўзбекистон бундай станция учун жуда кичик. Сиз ҳеч бўлмаганда биринчи блокни ишга тушириш босқичига яқинлаша бошлаганингизда бутун Марказий Осиё энергетика тизимини ягона бир бутунга айлантириш сиз учун ҳаётий заруратга айланади. Ундан ташқари, Марказий Осиё энергетика тизими зарурат туғилганда Қозоғистон жануби орқали Қозоғистон шимолига тўла қувват билан етиб бориши керак. АЭС қуввати ўзбекнинг тор бозорида ишлашга ҳаракат қилишга жуда катталик қилади.

Евроосиё Иттифоқига аъзо бўласизми ёки йўқ, бироқ, агар сиз атом электр станцияси бўйича қарор қабул қилган экансиз евроосиё энергетика тизимига қўшилмасдан иложингиз йўқ.

Модомики сиз Россия «Росатом"ининг таклифига рози бўлган экансиз, ундаги занжир қуйидагичадир: уни шундай бир қопқон, тузоқ, дейиш мумкиy-ки, қув руслар соддадил ўзбекларни унга тушира олган ва эндиликда ўзбеклар ҳеч қаерга бора олмайди. Бунга умумий энергетика мажмуасига жалб қилиш деб ҳам қараш мумкин, бироқ бу ҳолда сиз ўзингиз зудлик билан, эҳтимол улар у ёқда сиздан буни илтимос қилаётгани ҳам йўқ, Евросиё Иттифоқи эшикларини тақиллатишингиз, шунчаки тақиллатибгина қолмасдан, бир вақтнинг ўзида тўлиқ чуқур интеграцияни талаб қилишингиз керак бўлади.

Ва қандайдир МИФИ ёш ўзбекларни Тошкентдаги филиалида ушбу атом электр станциясида ўқитишигина эмас, балки Тошкент МИФИ филиали кадрлар тайёрлаш бўйича ягона тизимнинг умумий қисми бўлсин ва бу тизим доирасида Қозоғистон иштирокида уран хом-ашёсини қазиб олиш, уни бойитиш, ва қолдиқларини зарарсизлантириш масалаларига ечим топилсин. Бу умумий лойиҳа бўлсин.

Афғонистонни энергия ҳалқасига улашни имкони борми?

Афғонистон савдо бозорига, яъни ўзбек қурувчилари ҳар хил турдаги электр станцияларни фаол қуриши мумкин бўлган жойга айланиши мумкин. У ерда сув ресурслари ва кўмир керагидан ортиқ. Мамлакат энергия тизими ҳам заиф, етарли даражада эмас, аммо у ерда энергия ресурслари керагидан зиёд. Афғонистондан сўнг Покистон. Яъни фақатгина Афғонистонни савдо бозорига айлантириб қолмасдан, балки Ҳинд океанигача етиб бориш мумкин. Аммо Афғонистон яратиш бўйича ҳамкор эмас, балки қурилиш учун майдон бўлади. Табиийки, бу каби ўзбек лойиҳаси минтақавий бўлиши керак. Афғонистоннинг энергетик ривожланишини Ўзбекистоннинг ёлғиз ўзи «торта олмайди».

Мана сизлар ўз атом станциянгизни барпо этишни бошласангиз ва бошлайсиз ҳам, ишончим комил, буни амалга оширишингизга тўғри келади, ҳатто кимдир бор кучи билан суверенитетни ёқлайдиган тақдирда ҳам, прагматик зарурат туфайли электр энергияси умумий бозорига қўшилишингизга, Евроосиё иттифоқига аъзоликка қабул қилишларини сўрашингизга тўғри келади, янада кўпроқ интеграцияни талаб қила бошлайсиз ва қарабсиз-ки, Афғонистон ҳам жараёнга жалб этила бошлайди.
Эҳтимол, у Евроосиё иттифоқи иштирокчиси эмас, балки, ишлар битта тизим доирасида олиб бориладиган ассоциялашган аъзо мақомига эга бўлар".

Майнерларнинг айби борми?


Қозоғистондаги Enegix майнинг маркази. Фото: Coindesk.com.

Қозоғистоннинг KEGOC компанияси 21 январ куни криптовалюта майнинги билан шуғулланувчи 196 ташкилотга уларни «Қозоғистон ЯЭСида электр энергияси ва қувват балансини ушлаб туриш билан боғлиқ кескин вазият туфайли» февраль ойигача электр энергиясидан узиш ҳақида огоҳлантириш мактубини йўллаган эди. Кўпчилик тизимдаги кучланиш майнерлар туфайли юз берганини тахмин қилди.

«Майнинг охирги йилларда дефицит чуқурлашишини тезлаштирган ўта кучли қўшимча омил кўринишини олди. Майнинг кўплаб ҳолатларда бу сингари дефицит шаклланишига ва мос равишда ушбу авария тизимлари ривожланишига хизмат қилди. Хитой аллақачон майнерларни қувиб чиқарди, Россия майнингни тақиқламоқчи. Қозоғистон бу ҳодисалардан сўнг майнингни ўчирмоқда, аммо буларнинг барчаси жиддий йирик майнингга тайёргарлик. Нега деганда айни вақтда бу келиб чиқиши ноаниқ бўлган аллақандай биткоинларга ишлашдан бошқасимас. Электр энергиясини мана шу иш учун ишлаб чиқариш ва сарфлаш — бу миллий ресурсларни миллий иқтисодиётга ҳеч қандай наф келтирмайдиган тарзда сарфлаш демак. У ерда аллақандай шунчаки рамзий пул тўланади, лекин бу шунчаки ўта хунук ҳолат.

Дунё нафақат рақамли инқилоб, балки рақамли пуллар остонасида турибди. Улар, шак-шубҳасиз, Хитойда ҳам, Россияда ҳам пайдо бўлади. Ҳозир хитойлар ҳам, руслар ҳам майнерларни улар билан умрбод видолашиш учун қувиб юбораётгани йўқ, бунинг сабабини тез орада эҳтимол, давлат майнингги пайдо бўлиши билан ҳам изоҳлаш мумкин. Майнинг эса қўрқинчли даражада кўп энергия талаб қиладиган ишдир ва агарда биз ўз энергия тизимимизни ривожлантиришга, дефицитни йўқотишга ва маълум захирани, дейлик, мисол учун, Афғонистонни ҳам, Покистонни ҳам таъминлай оладиган даражадаги захирани жамлашга муваффақ бўлсак, — майнинг учун қўшимча захираларни ташкил этиш — жуда фойдали бўлади.

Бу энергетиклар учун шунчаки совға: йирик электр станцияси ёнида, қарийб унинг шиналари олдида олдиндан айта оладиган режимда улкан миқдордаги электр энергиясини истеъмол қилувчи улкан шкафлар жой олади.

Агар бу майнинг учун нормал тўлов амалга оширилганида ва ундан солиқ олинганида, у ҳолда бу миллий энергетиканинг ажойиб тармоғига айланарди. Шу боис, бизнинг ҳамкорликда қувватларни тўплаш, атом электр станциясини қуриш масаласи ҳам ана шундай халқаро майнинг учун яхши асос ҳамдир.

Зарар учун ким жавоб беради


Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

«Ахир биз суверенмиз-ку. Ҳаммасида ўзбеклар айбдор, деб айтамиз. Ўзбеклар эса ҳаммасига қозоқлар айбдор, дейди. Шу билан баҳс тугайди. Менимча, бизнинг сизлар билан қўшма бозор ва қўшма ҳисоб-китоблар бўйича ҳеч қандай келишувимиз йўқ.

Баъзи оператив ҳужжатлар бор, уларда аллақандай кучланишлар юз берган тақдирда, ҳисоб-китоблар мана бу хилда амалга оширилади, дея тушунтирилган. Диспетчерлик хизматлари фаолият юритмоқда, алоқа мавжуд. Молиявий хизматлар ишлаяпти, ҳеч қандай муаммо йўқ. Аммо мана шу кучланиш учун тўловни қандай амалга ошириш кераклиги ҳақида эмас, балки ким айбдорлиги ва ким тўлаши кераклиги борасида баҳс бошланиши билан, ушбу қўлланмаларнинг бирортаси шунчаки иш бермай қўяди.