Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев ярим тунда Тошкент шаҳар «103» хизмати фаолиятини ўрганди, дея хабар бермоқда ССВ матбуот хизмати.

Вазирликнинг қайд этишича, коронавируснинг Omicron штамми мамлакатга кириб келиши ва сўнгги кунларда корнавирусга чалинганлар сонининг кескин кўпайиши натижасида «тез ёрдам» хизматига мурожаатлар миқдори ҳам ортган.

Шу муносабат билан Беҳзод Мусаев жумага ўтар кечаси соат 03:00 ларда яқиндан ўрганиш учун Тошкент шаҳар тез ёрдам станциясига борди. У ердаги Call-марказ ҳамда тез тиббий ёрдам ходимлари иш жараёни билан танишди.

«103» хизматига чақириқлар сони ортгани ва иш юкламаси кўпайиб бораётгани сабабли шу соатнинг ўзидаёқ вазир топшириғи билан қўшимча тарзда 40 та замонавий жиҳозланган тез тиббий ёрдам машинаси ҳайдовчилари билан бирга хизмат тасарруфига бириктириб берилди. Бундан ташқари, Call-марказ иш самарадорлигини ошириш учун 30 та янги оператор ўрни яратилди, дейилади хабарда.

Шунингдек, тез ёрдам бригадаларининг тезкорлиги ва самарадорлигини ошириш мақсадида улар қўшимча 100 дона планшет берилиши маълум қилинди. Қолаверса, бригадалар учун бугун эрталаб — 14 январдан коронавирусга қарши дори-дармонлар бўлган Covid-box`лар ажратиладиган бўлди.

Тез тиббий ёрдам ходимлари билан ярим тунда ўтган мулоқот чоғида коронавирус инфекцияси аниқланган, бироқ хасталик клиник белгиларсиз ёки енгил шаклда кечаётган беморлар саломатлигини назорат қилиш, уларга амбулатор ва уйига борган ҳолда сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида Тошкент шаҳрининг 12 та туманида 1 тадан махсус COVID поликлиникалар фаолияти йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, коронавирус касаллиги бўйича мурожаатлар билан самарали ишлаш мақсадида пойтахтимиздаги 12 та кўп тармоқли ва 66 та оилавий поликлиникаларда махсус мобиль бригадалар фаолияти ҳам йўлга қўйилди.

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳар «103» хизматига 12 январда 4888 та мурожаат бўлган. Аввалроқ эса ССВ 1−10 январь кунлари ичида «Тез ёрдам»га 350 мингга яқин чақириқ келиб тушганини маълум қилган эди.

Ўзбекистонда 7 январь куни Omicron штамми илк бор қайд этилди. Кейинроқ Omicron аниқланган шахс келган самолётда жами 200 киши бўлгани айтилди.