Биринчи омикрон аниқланган шахс билан самолётда келган барча карантинга олинган. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтаётган матбуот анжуманида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Холмамат Норбоев маълум қилди.
«Бемор билан бирга самолётда келган барча йўловчилар ҳозирги вақтда Ўзбекистон фуқаролари уй шароитида карантинда, чет эл фуқаролари меҳмонхоналарда карантин ўтамоқда… Самолётда 200 киши бирга келган, Ўзбекистон фуқаролари 130 нафарни ҳамда чет эл фуқаролари 70 нафарни ташкил этмоқда», — деди у.
Холмамат Норбоев. Фото: ССВ матбуот хизмати.
Мутахассис шунингдек, 7 январь куни илк «омикрон» аниқланган бўлса-да, нима сабабдан 8 январь куни СЭО раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков омикрон аниқланмаганлиги ҳақида маълумот берганига изоҳ бериб ўтди.
«Бу ҳам ўз-ўзидан бўлгани йўқ, анча етук билим ва чуқур изланишларин талаб қиларди. Бу бўйича дунёни етакчи илмий муассасалари билан ҳамкорликда, видеоселектор йўналишида маслаҳатлашувлар ўтказилган, орада бир кун вақт ўтди. Шу сабабли 8 январь куни СанЭпид томонидан ҳали аниқлангани йўқ деган маълумотга шундай изоҳ бераман. Демак, узоқ текширувлар ўтказилганлиги ва уни тасдиқлашга кетган вақт ҳисобига шундай бўлди», — деди Холмамат Норбоев.
Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази директори Ҳабибулла Оқиловнинг сўзларига кўра, биринчи омикрон аниқланган бемор Дубай рейси билан мамлакатга кириб келган.
Таъкидланишича, барча аэропортларда бортга қўйишдан олдин ҳамма йўловчилар вакцина олганлик тўғрисида QR-код ёки сертификат, қолаверса, ПЗР тест талаб этилади.
«У (илк омикрон аниқланган бемор) қаерда сертификат олгани эса унинг виждонига ҳавола. Ëки у ПЗР тест топширган вақтда инкубацион давр бўлган бўлса, омикрон ундан кейин намоён бўлган. Делта вирусдан омикроннинг фарқи шундаки, олдингисида 5−7 кун инбукацион давр бўлган бўлса, бу ерда касаллик даврининг ўзи 5 кунни ташкил қилади… Катта эҳтимол билан унда яроқсиз сертификат бўлган ёки у оралиқ муддатга тушиб қолган», — деди у.
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари — Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Анвар Алимов ЖССТ маълумотига таяниб хабар қилишича, омикрон штаммига чалинган беморларнинг 98 фоизи уй шароитида, 2 фоизи эса стационар тарзда даволанмоқда. «Чунки вируснинг мазкур тури асосан юқори нафас йўлларига зарар етказади», — деди у.
ССВ 7 январь куни Ўзбекистонга кириб келган чет эл фуқаросида коронавируснинг «омикрон» штамми аниқланганини маълум қилди.