Сўнгги кунларда коронавирус билан боғлиқ кўрсаткичларнинг ошиши «Тез ёрдам»га бўлган талаб ва кунлик чақириқлар сони ортишига ҳам сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Буни «103» хизматига келиб тушаётган мурожаатлар сонидан ҳам билиш мумкин. 1−10 январь кунлари Республика тез тиббий ёрдам хизматига жами 349436 та чақириқ келиб тушди, дейилади хабарда.

Шундан:

  • тана ҳароратининг кўтарилиши бўйича 32400 та;
  • коронавирусга гумон қилинган, касалликка чалинган ва бошқа юқумли касалликлар билан 1338 та мурожаат қайд этилди.

Ўтган йилнинг мос даврида эса «Тез ёрдам»га мурожаатлар сони 320980 тани ташкил қилган эди.

Шунингдек, январь ойининг илк кунлари «103» хизматига бир кунда ўртача 34,6 мингта чақириқ қабул қилинган бўлса, 9−10 январь кунлари мурожаатлар сони бироз ортиб, қарийб 37 мингтага етган.

Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори Дониёр Бўрибаевнинг маълум қилишича, айниқса, омикрон штамми туфайли вазият анча мураккаб. Шу сабабли ҳам cўнгги кунларда пойтахт аҳолиси орасида Covid-19 га гумон қилинган, касаллик тасдиқланган ҳамда бошқа юқумли инфекцияларга чалинган фуқаролар томонидан «103» хизматига тез-тез мурожаатлар бўлмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 1−10 январь кунлари шаҳар «Тез ёрдам»га жами 36925 та чақириқ келиб тушган.

Шундан:

  • тана ҳароратининг кўтарилиши бўйича — 8636 та,
  • коронавирусга гумон қилинган, касалликка чалинган ва бошқа юқумли касалликлар билан — 663 нафар.

Ушбу давр мобайнида жами 5751 нафар бемор госпитализация қилинган.