1hls.uz платформасида рўйхатдан ўтган 18 ёшдан юқори бўлган аҳоли сони 1 млн 209 минг 77 нафарни ташкил этмоқда, деб хабар бермоқда Туризм ва спорт вазирлиги.

Қайд этилишича, шундан 757 минг 680 нафари эркаклар, 451 397 нафари эса аёллардан иборат.

«Эътиборлиси, платформа фойдаланувчиларига шу кунга қадар 43 млрд 45 млн 953 минг сўм миқдорида маблағлар тўлаб берилган», — дейилади хабарда. Вазирлик матбуот хизматинининг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, ушбу маблағлар 2021 йилнинг 10 июнидан эътиборан тўлаб берилган.

Маълумот ўрнида, 2022 йилдан бошлаб платформадан фойдаланганларга тўлаб бериладиган маблағлар давлат бюджети параметрларида акс этади. Президент «Соғлом турмуш тарзи» платформасига 60 млрд сўм ажратилишини маълум қилганди.

Бундан аввал, 1 ноябрь ҳолатига 1hls.uz платформаси фойдаланувчилари 600 мингга етгани, уларга 18 млрд сўм тўлаб берилгани айтилганди.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2020 йил октябрдаги фармони билан аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб қилиш мақсадида «Соғлом турмуш тарзи» (www.1hls.uz) платформаси яратилди.

Унда 1hls.uz платформасидаги тўловлар аҳоли саломатлиги учун зарарли бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилардан махсус йиғим жорий этиш ҳисобидан амалга оширилиши айтилганди.

Туризм ва спорт вазирлиги томонидан 14 сентябрдан пиёда юриш ва югуришни тарғиб қилиш мақсадида ишга туширилган «Соғлом турмуш тарзи платформаси» (1hls.uz) қадамлар учун пул тўлашни вақтинча тўхтатиб қўйилгани ҳақида хабар берилган эди.

Кейинроқ вазирлик ушбу хабарни рад этиб, «ахборот хизмати ходими асоссиз ва тасдиқланмаган маълумот бергани»ни таъкидлаганди.

«Газета.uz» 1hls иловасини мобил телефонга юклаш, ундан фойдаланиш ва пулни банк картасига ўтказиш бўйича қўлланмани эълон қилган эди.