Президентнинг 5 ноябрдаги «Спорт таълими тизимини тубдан такомиллаштириш орқали олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича спортчилар захирасини шакллантириш сифатини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Қарорга кўра, Молия вазирлиги томонидан «Соғлом турмуш тарзи» платформаси орқали амалга ошириладиган тўловларни 2022 йил учун давлат бюджети параметрларида назарда тутилиши ҳамда 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат бюджети маблағлари ҳисобидан уларни тўлиқ ҳажмда тўлаб берилиши таъминланади.

Шунингдек, АКТ вазирлиги Туризм ва спорт вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 1 январга қадар «Соғлом турмуш тарзи» платформасини такомиллаштиради.

Шу жумладан, ахборот дастурида фуқаролар томонидан белгиланган масофани ҳақиқатда босиб ўтганлигини тасдиқловчи механизмларни қайта кўриб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2020 йил октябрдаги фармони билан аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб қилиш мақсадида «Соғлом турмуш тарзи» (www.1hls.uz) платформаси яратилди.

Унда 1hls.uz платформасидаги тўловлар аҳоли саломатлиги учун зарарли бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилардан махсус йиғим жорий этиш ҳисобидан амалга оширилиши айтилганди.

Туризм ва спорт вазирлиги томонидан 14 сентябрдан пиёда юриш ва югуришни тарғиб қилиш мақсадида ишга туширилган «Соғлом турмуш тарзи платформаси» (1hls.uz) қадамлар учун пул тўлашни вақтинча тўхтатиб қўйилгани ҳақида хабар берилган эди.

Кейинроқ вазирлик ушбу хабарни рад этиб, «ахборот хизмати ходими асоссиз ва тасдиқланмаган маълумот бергани»ни таъқидлаганди.

Аввалроқ, «Газета.uz» 1hls иловасини мобил телефонга юклаш, ундан фойдаланиш ва пулни банк картасига ўтказиш бўйича қўлланмани эълон қилган эди.