Президентнинг 2020 йил октябрдаги фармони билан аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб қилиш мақсадида «Соғлом турмуш тарзи» (www.1hls.uz) платформаси яратилди.

Мазкур платформа асосида, бир сутка давомида 10 минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ва ундан юқори ёшдаги Ўзбекистон фуқаросининг электрон ҳамёнига 3 минг сўм, бир ойда бир марта туман (шаҳар) бўйича энг кўп юрган кишига 300 минг сўм, ҳудудлар (вилоят) бўйича энг кўп юрган кишига 500 минг сўм, республика бўйича энг кўп юрган кишига 1 млн сўм қўшимча равишда платформадаги электрон ҳамёнига ўтказилади.

«Газета.uz» ушбу платформада рўйхатдан ўтиш ва пулни банк картасига ўтказиш (ҳозирча фақат Android телефонлари учун мавжуд) бўйича қўлланма тайёрлади.

1hls иловасини юклаш ва ундан фойдаланиш

Ушбу илова қадамлар ва бошқа кўрсаткичларни ҳисоблаши учун мобил қурилмада Google Fit (Android) ёки Health (Apple) иловалари ўрнатилган бўлиши керак. Бўлмаса, уларни мобил иловалар дўконидан бепул юклаб олиб, телефонга ўрнатиш лозим. Google Fit иловасидан фойдаланиш учун Google аккаунтдан фойдаланиш керак бўлади. Health иловаси эса Apple телефонларида олдиндан ўрнатилган бўлади.

1hls иловасини мобил иловалар дўконидан (Android ёки Apple) юклаб олинг.


Иловани телефонингизги ўрнатгандан сўнг, ўзингиз учун қулай тилни танланг.


Иловадан фойдаланишни бошлашдан олдин, оммавий оферта билан танишиб чиқиб, унга розилик билдиришингиз керак.


Оммавий оферта — бу фуқаролар билан давлат органлари ўртасидаги шартнома бўлиб, пулларнинг қай тарзда келиб тушиши, антропометрик маълумотлар, ахборот хафсизлиги ҳақида ёзилган келишувдир.

Шуни эсда тутиш лозимки, ушбу иловадан фойдаланганда, телефондаги мавжуд акселерометр (қурилманинг бир жойдан иккинчи жойга кўчишидаги тезланишнинг энг минимал ўзгаришларини ҳисобловчи восита, одамнинг босган қадами у орқали аниқланади — таҳр.) ва бошқа тегишли қурилмалар ҳам ишлашига рухсат берилади. Акселерометр ҳар бир қурилмада мавжуд бўлиши керак. Агарда қурилмада ушбу функция ишламаса ёки телефонда мавжуд бўлмаса, мобил илова тўлиқ ишламаслиги мумкин.

Оферта билан танишгач, «розиман» деган тугма босилади ва кейинги қадамга ўтилади.

Шундан сўнг ягона идентификация тизими — id.egov.uz орқали рўйхатдан ёки авторизациядан ўтиш сўралади. Тизимда биринчи маротаба рўйхатдан ўтаётган шахслар қуйидаги ҳавола орқали рўйхатдан ўтиш бўйича саволларга жавоб олишлари мумкин.


Рўйхатдан ўтилгандан сўнг, ягона идентификация тизимидаги логин ва пароль терилади ҳамда тизим очилади.


Шунингдек, ушбу платформада электрон имзо орқали ҳам авторизация қилиш мумкин. «Газета.uz» олдинроқ электрон рақали имзо олиш бўйича қўлланмани эълон қилган эди.


Кейинги қадамда антропометрик маълумотлар киритилади. Бунда фойдаланувчининг бўйи, вазни ҳамда яшаш манзили ҳақидаги маълумотларни киритиш керак бўлади.

Нима учун манзилни кўрсатиш керак? Ҳар ой якунида туман (шаҳар), вилоят ва республика бўйича энг кўп қадам юрганлар рўйхати шакллантирилиб, ҳар бир миқёсда биринчиликни қўлга киритганларга қўшимча пул мукофотлари берилади. Бу ерда рўйхатдан (пропискадан) ўтган ҳудуд, туманни кўрсатиш шарт эмас.

Кейинги босқичда 1hls мобил иловасида Google Fit ёки Health иловаларидан маълумотларни олиш учун рухсат бериш тугмаси босилади.

1 hls.uz иловаси вакилларининг маълум қилишича, Google Fit иловаси ишга туширилганда фойдаланувчи ўзининг асосий ишлатадиган почтасини киритиши, 2 ва ундан ортиқ Google аккаунтдан кирмаслиги керак. Акс ҳолда носозлик юзага келиши мумкинлиги айтилади.

Apple телефонидан скриншот. Android телефонлар учун Google Fit иловасидан ҳам рухсат берилиши керак бўлади.

Шундан сўнг, мобил иловадан фойдаланишни бошлаш мумкин.


Илованининг «Журнал» бўлимида кунлик, ҳафталик ва ойлик босиб ўтилган қадамлар сони бўйича маълумотлар бўлади.


Илованинг «Бугун» бўлимида ҳар кунлик қадамлар, босиб ўтилган масофа, сарфланган калориялар, юриш вақти, кўтарилган қаватлар ва кунига ўртача қанча қадам босиб ўтилиши ҳақида маълумот бўлади.


«Созламалар» бўлимида эса профилни таҳрирлаш, ёрдам олиш, илова билан бўлишиш, фойдаланиш шартлари билан танишиш, илова ҳақидаги маълумотларни ўқиш, илова тилини ўзгартириш ёки аккаунтдан чиқиш мумкин.


Бир кунда 10 минг қадам юрган фойдаланувчиларнинг электрон ҳамёнларига 3000 сўм туширилади. Ушбу пул маблағини электрон ҳамёнда йиғиб бориш ёки банк картангизга ўтказиб олишингиз мумкин.

Бу учун «Созламалар» бўлимида «Пул ўтказиш»ни танлаб, пул ўтказиладиган карта рақами маълумотлари ва ўтказма суммаси киритилади.

Ҳозирда электрон ҳамёндан банк карталарига пул ўтказмаларини фақатгина илованинг Android телефонлари учун версияси орқали амалга ошириш мумкин. Apple телефонлари учун бундай функция ҳозирча илованинг сўнгги версиясида киритилмаган.

Созламалар бўлимининг «Мониторинг» тугмаси орқали тушум ва картага чиқарилган пулларни назорат қилиб борса бўлади.


Агарда фойдаланувчи бир неча Google аккаунтидан фойдаланса ёки Ягона индентификация тизимида (id.egov.uz) ҳамда мобил иловада қандайдир ножўя ҳаракат орқали ва қасддан ахборот хавфсизлигига дахлдор ишлар қилиб, қўшимча маблағга эга бўлиш ҳаракатларини амалга оширса, операторлар томонидан ҳеч қандай огоҳлантиришсиз ушбу шахснинг мобил иловадан фойдаланиш ҳуқуқи чегараланади ва умуман фойдаланиш ноаниқ муддатга чекланади.

Агарда, сизда қадамлар ҳисобланмаётган бўлса, платформанинг сўнгги версиясини ўрнатиш мақсадида айни вақтда телефон қурилмангизга ўрнатилган 1hls мобил иловасини ўчириб, қайта ўрнатишингиз мақсадга мувофиқ, дейилади ишлаб чиқувчиларнинг йўриқномасида.

Барча техник масалалар бўйича (998) 71−200−00−88 телефон рақамига мурожаат қилиш мумкин.