Cешанба куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Унга кўра, йиғилишда давлат раҳбари юрак-қон томир касалликларининг олдини олишда энг муҳим омил соғлом турмуш тарзига амал қилиш эканига алоҳида эътибор қаратди.

Маълум қилинишича, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда ҳар йили энг намунали маҳаллалар танлаб олиниб, уларда замонавий фитнес кўчаларини барпо этиш учун 100 млрд сўм ажратилади.

Вилоят ҳокимларига иккитадан, туман ва шаҳар ҳокимларига биттадан намунали маҳаллада шундай ишларни ташкил қилиш топширилди.

Маълумотларга кўра, «Соғлом турмуш тарзи» (1hls.uz) платформасидан фойдаланувчилар бугунги кунда 600 минг нафарга етди, уларга пиёда юргани учун 18 млрд сўм тўлаб берилди. Молия вазирлигига келгуси йилда бу борадаги тарғибот ишларини кучайтариш ва платформадан фойдаланувчилар кўламини янада кенгайтиришга қўшимча 60 млрд сўм ажратишга кўрсатма берилди.

Аввалроқ «Газета.uz» президент қарори билан Молия вазирлиги томонидан «Соғлом турмуш тарзи» платформаси орқали амалга ошириладиган тўловларни 2022 йил учун давлат бюджети параметрларида назарда тутилиши ҳақида ёзган эди. Шунингдек, 1hls.uz иловасида ҳақиқатда пиёда юрганлигини аниқловчи механизм жорий этилиши айтилган.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2020 йил октябрдаги фармони билан аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб қилиш мақсадида «Соғлом турмуш тарзи» (www.1hls.uz) платформаси яратилди.

Унда 1hls.uz платформасидаги тўловлар аҳоли саломатлиги учун зарарли бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилардан махсус йиғим жорий этиш ҳисобидан амалга оширилиши айтилганди.

Туризм ва спорт вазирлиги томонидан 14 сентябрдан пиёда юриш ва югуришни тарғиб қилиш мақсадида ишга туширилган «Соғлом турмуш тарзи платформаси» (1hls.uz) қадамлар учун пул тўлашни вақтинча тўхтатиб қўйилгани ҳақида хабар берилган эди.

Кейинроқ вазирлик ушбу хабарни рад этиб, «ахборот хизмати ходими асоссиз ва тасдиқланмаган маълумот бергани»ни таъкидлаганди.

«Газета.uz» 1hls иловасини мобил телефонга юклаш, ундан фойдаланиш ва пулни банк картасига ўтказиш бўйича қўлланмани эълон қилган эди.