Туризм ва спорт вазирлиги томонидан 14 сентябрдан пиёда юриш ва югуришни тарғиб қилиш мақсадида ишга туширилган «Соғлом турмуш тарзи платформаси» (1hls.uz) қадамлар учун пул тўлашни вақтинча тўхтатиб қўйилгани ҳақида хабар берилган эди.

Вазирлик ушбу хабарни рад этиб, «ахборот хизмати ходими мақолада асоссиз ва тасдиқланмаган маълумот бергани боис аҳоли орасида бу борада тушунмовчилик пайдо бўлганини»ни таъкидлади.

«Туризм ва спорт вазирлиги ахборот хизмати мазкур хабарни етказишда хатоликка йўл қўйгани учун узр сўраган ҳолда,"Соғлом турмуш тарзи» платформаси ишлашда давом этишини маълум қилади. ОАВ вакиллари ва аҳолини чалғитувчи хабар берган ходимга эса тегишли огоҳлантириш берилганини маълум қилади", дейилади хабарда.

Аввалроқ, «Газета.uz» 1hls иловасини мобил телефонга юклаш, ундан фойдаланиш ва пулни банк картасига ўтказиш бўйича қўлланмани эълон қилган эди.