20 декабрь куни соат 07:50 да Тошкент шаҳар Учтепа тумани «Фарҳод» кўчасида «Ўрикзор-Дўмбиробод» 125 йўналишида ҳаракатланиб кетаётган «Mercedes-benz» автобусида ёнғин чиқди.

ФВВ берган маълумотларга кўра, ҳолат бўйича туман ФВ бўлимидан 2 та ёнғин-қутқарув экипажи воқеа жойига соат 07:56 да етиб борган.

Ёнғин соат 08:00 да ўчирилган. Бунинг оқибатида автобуснинг мотор қисми ёниб зарарланган.

Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Ҳалок бўлганлар йўқ.

«Тошшаҳартрансхизмат» маълум қилишича, ушбу автобус 2009 йил ишлаб чиқарилган бўлиб, тасарруф бошидан буён 836037 км, сўнгги сервис хизматидан кейин эса 7621 км масофани босиб ўтган.

Дастлабки маълумотга кўра, автобуснинг двигатель қисмидаги юқори босимли шланг ёрилиши оқибатида коллекторга мой оқиб кучли туташ содир бўлган. Ҳозирда, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖнинг Ишлаб чиқариш техник бўлими ходимлари томонидан хизмат текшируви олиб борилмоқда.

Таъкидланишича, «18-Автобус саройи» МЧЖ мутасадди ходимлари томонидан автобус 21 декабрь куни таъмирланиб, йўналишга чиқариш мўлжалланган.

Ҳозирда мутахассислар томонидан ёнғин сабаби ва келтирилган моддий зарар миқдори аниқланаётгани қўшимча қилинди.