Россиянинг Тула шаҳрида Ўзбекистон фуқароси А. У. Е. («арестантское уркаганское единство» — «маҳбус бандитлар уюшмаси») рамзи туширилган бош кийим кийгани учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан сўроқ қилинди.

10 декабрь куни «Тула. Экстремизм» Telegram-канали дастлаб таҳририятга «машрутка»да «Ўрта Осиё давлатларидан келгани аниқ бўлган» эркакнинг «А.У.Е.» экстремистик уюшмасининг рамзи туширилган бош кийимда кетаётгани акс этган фотосурат келиб тушгани ҳақида маълум қилди.

«Кўриб турибмизки, у ўз ватанида РФ қонунларини ўрганмаган. Рус тили билан боғлиқ вазиятнинг қандайлиги ҳам номаълум. Эҳтимол, худди шундай ёмон», — дея изоҳ берилади хабарга.

Кейинроқ ушбу эркакнинг Ўзбекистон фуқароси экани, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари рус тилини билмагани сабабли ўзбек таржимони ёрдамида уни сўроқ қилгани ҳақида хабар берилди. Унинг сўзларига кўра, «А.У.Е.» рамзи туширилган бош кийимни Ўзбекистон ҳудудида сотиб олган. Ушбу рамзнинг нимани англатишини билмаган.

Таъкидланишича, у билан тушунтириш ишлари олиб борилган. Ўзбекистон фуқароси Россиянинг экстремистик фаолият ва миграцияга тааллуқли қонунларидан хабардор бўлиш зарурлигини тан олган, шунингдек, мазкур рамзни намойиш қилиб юрмасликка ҳамда рус тили ва РФ қонунларини ўрганишга ваъда берган.

«Вилоят прокуратураси чет элликка РФ қонунчилигини бузмаслик тўғрисида огоҳлантириш берди. Унинг устидан қўшимча назорат ўрнатилди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ММА жангчиси бўлган Ўзбекистон фуқароси Россияда полиция ходимларини уриб, қочиб кетгани ҳақида хабар берилган эди.