Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўзбекистонлик 28 ёшли ММА жангчиси Бунёд Тўхтаевни қидирмоқда. Бу ҳақда Spbdnevnik хабар қилди.

ОАВнинг маълум қилишича, 8 декабрь куни Петербургнинг Якорний кўчасида «Э» тезкор марказининг икки ходими спортчини қўлга олади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларида гумондорнинг QR-кодлар ва миграция ҳужжатлари савдосига алоқадорлиги юзасидан шубҳа қилишга асослар бўлган. Спортчи ва ходимлар автомобилга ўтирганида, у полициячини уриб, машина салонидан қочиб чиқади. Бироқ кўп ўтмасдан қўлга олинади.

«Муштумзўр 52-полиция бўлимига олиб келиниб, жиноят иши қўзғатиш учун далиллар тўпланди. Бироқ 9 декабрь куни кундузи 11 лар атрофида Тўхтаев полиция бўлимидан қочиб кетади. Тергов бўлимига олиб кетилишини кутмади. Тахминларга кўра, камерадан сездирмасдан чиқиб, кириш эшишига келади ва қочиб кетади», — дейилади хабарда.

Ҳозирда спортчи қидирилмоқда.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзбек миллатига мансуб россиялик ММА жангчиси Акмал Хожиев АҚШда коронавирусга қарши эмлаш зарурати бўйича келишмовчиликлар туфайли шифокорни ўлдириб қўйган эди.