8 декабрь куни Дубай шахрида ўзбекистонлик машхўр ошпаз Баҳриддин Чустий 1000 килограммлик байрам палови тайёрлади, дея хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Маълум қилинишича, ош «ЭКСПО-2020» Бутунжаҳон кўргазмасида Ўзбекистон куни доирасида тайёрланиб, уни икки мингдан ортиқ киши татиб кўрган.


Гастрономик тадбир муаллифи Баҳриддин Чустийга Ўзбекистоннинг энг сара ошпазлари ёрдам берган

Таом тайёрлаш жараёни Ўзбекистон миллий павильонига кираверишда ўрнатилган улкан экранда онлайн шаклда трансляция қилинган


Маълумотга кўра, Ўзбекистон тарихи ва маданиятига бағишланган тантанага келганларнинг кўпчилигини паловнинг хушбўй ҳиди, карнай ва сурнайларнинг баланд овоздаги чақируви ўзига тортган


Афсонавий ўзбек паловидан татиб кўриш учун одамларнинг узундан-узоқ навбатга тургани ошпазларимизнинг маҳоратига, миллий таомларимиз тантанасига берилган юксак баҳо бўлди, — дейилади хабарда


ЭХПО-2020″ Бутунжаҳон кўргазмаси 2021 йилнинг 1 октябрь куни очилган. Тадбир 2022 йилнинг 31 мартигача давом этади. Ушбу кўргазмада 191 та давлатларнинг павильонлари жойлашган бўлиб, уларда ҳар бир давлатнинг ўзига ҳос жихатлари, миллийлиги акс эттирилган. Кўргазмага кириш чиптасининг нархи 12 доллардан бошланади.


Бахриддин Чустий 2017 йил 8 сентябрь куни Тошкентда «Ўзбегим» фестивали доирасида дунёдаги энг катта — 7 тоннаю 360 кг миқдорда палов тайёрлаган ва «Гиннесснинг рекордлари китоби»га киритилган эди.