Сурхондарё вилояти Денов шаҳри марказидаги «Юбилейний» номи билан машҳур икки қаватли «Инденим» савдо мажмуасида 7 декабрь куни эрталаб соат тахминан 4 ларда портлаш содир бўлди. Бу бино конструкцияларининг қулашига ва катта ёнғинга сабаб бўлди.

Ҳозирча бунинг оқибатида 9 киши жароҳатланиб, икки киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Бош прокуратура матбуот котиби мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

«Деновдаги савдо мажмуасида юзага келган чақнаш ҳодисаси бўйича Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 257 (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ва 259 (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган», — деб ёзади Ҳаёт Шамсутдинов.

Бироқ, ушбу моддаларнинг айнан қайси бандлари асосида иш очилгани қайд этилмаган. Фақат, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани қўшимча қилинган.

Аввалроқ, «Газета.uz» Бош прокуратура Деновдаги портлаш бўйича теракт версиясини рад этгани ҳақида ёзган эдик.

Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари Дониёр Масалиевнинг сўзларига кўра, дастлабки маълумотлар портлашга тахминан бино ичида бир неча соат давомида газ сизиб чиқиши сабаб бўлганини кўрсатмоқда.

Савдо мажмуасида 2 ойдан бери ишлаётган Абдулла Дўланов «газ умуман чиқмаганлигини, ҳиди чиқса, сезган бўлишларини» таъкидлаган.

Чақнаш оқибатида 65 та уй зарар кўргани, 6 та хонадон яшаш учун хавфли ҳолатга келиб қолгани айтилмоқда. Вилоят ҳокими Тўра Боболов етказилган зарар давлат томонидан тўлиқ қоплаб берилишига ишонтирмоқда.

Бунга қадар «Газета.uz» Деновдаги портлаш оқибатлари ҳақидаги фоторепортажни эълон қилган эди.