Бош прокуратуранинг «Газета.uz»га маълум қилишича, Сурхондарё вилояти Денов шаҳри марказида жойлашган икки қаватли «Инденим» савдо мажмуасидаги портлашда теракт тахмини ўз тасдиғини топмаган.

Чоршанба куни мазкур воқеа юзасидан матбуот анжумани ўтказилди, деб хабар берди Сурхондарё телеканали. Унда вилоят ҳокими Тўра Боболов республика ва вилоят миқёсидаги ишчи гуруҳ ўрганиш ишларини олиб бораётганини қайд этган.

«Ҳолат бўйича бирорта зарар етган бўлса… Қанақа зарар энди, ойналар, эшикларни синиши, айрим жойларда қўпорилиш ҳолатлари бўлган. Асосан ёнидаги 6 та хонадонда бўлган», — деди у.

(Чапдан ўнгга) Дониёр Масалиев, Тўра Боболов. Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги.

ЎзАнинг ёзишича, ҳоким 65 тадбиркорлик субьекти биноси ва хонадонга енгил зарар етганини маълум қилган. Деразалар ойналари синган, 6 хонадон деворларида ёриқлар пайдо бўлган.

«Зарар кўрганларнинг вақтинча яшаши учун 24 та хонадон ҳозирланди. Хонадони таьмирлангунча кўчиши лозим, деб топилган 7 оила кўчирилди. Уларнинг яшаши учун ижара ҳақини туман ҳокимлиги тўлаб беради», — деган Тўра Боболов.

У, шунингдек, ушбу ҳолатни бошқача талқин қилмаслик ва бошқа ҳудудлардаги қурилиш ишлари билан адаштириб юбормасликни сўраган.

«Денов тумани Шароф Рашидов ва Мустақиллик кўчаларида қурилиш жараёнлари ҳам бор. Биргина Шароф Рашидов кўчасида 27,5 млрд сўмлик хонадонларни бузиш ишлари олиб борилмоқда. Айрим суратларда кўрдик, бу ҳам чақнаш натижасида бўлди деган фикрлар тарқатилаяпти. Бу мутлақо нотўғри», — деди вилоят ҳокими.

Таъкидланишича, етказилган зарарни ўрганиш мақсадида мустақил баҳоловчилар ҳамда биноларнинг яроқлилик даражасини ўрганиш учун қурилиш инспекцияси жалб этилган.

«Тергов жараёни якуни билан бу жараёнларни тўхтатмасдан [етказилган зарар] қисқа вақтларда бартараф этилади. Зарар етган хонадонларнинг ҳаммасида томини, эшик, ромларини алмаштириш масалалари бўлса, буни ҳал қилишни бошлаб юборганмиз. Фуқаролар билан келишган ҳолда давлат томонидан аввалги ҳолатига келтириш бўйича топшириқлар олинган. 3−4 кунда ҳаммаси охирига етказилади», — дея ишонтирган Тўра Боболов.

Ҳокимнинг қўшимча қилишича, ҳар бир объектга қурувчи ва масъуллар бириктирилган.

Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари Дониёр Масалиев ҳозир экспертлар гуруҳи ҳодиса жойида ишлаётганини маълум қилди.

«Мутахассисларнинг дастлабки маълумотларига кўра, ҳодиса жойида бўлган портлаш бирон-бир портлатувчи модда ёки нефть маҳсулотларининг ёрдамида амалга оширилганлигини тўлиқ инкор этса бўлади. Тахминан, бино ичкарисидаги газ қувурларидан бир неча соат давомида сизиб чиққан газ оқибатида тўпланган катта миқдордаги газ ҳаво билан реакцияга киришиб, катта чақнаш оқибатида портлаш бўлган. Ҳозир шу тахмин асосида ишлаяпмиз. Сабаби бинога етказилган зарарлар шу портлашдан қолган излар бизни тахминларимизни келтириб чиқараяпти», — деди Дониёр Масалиев.

Аввалроқ «Дарё» мухбирининг Денов туман тиббиёт бирлашмасида даволанаётган жабрланувчилар билан суҳбати ҳам эълон қилинганди. Абдулла Дўланов «газ умуман чиқмаганлигини, ҳиди чиқса, сезган бўлишларини» таъкидлаган. Унинг айтишича, мажмуанинг ишчилар учун ошхонасида газ-баллондан фойдаланилмаган.


Фото: Аслиддин Эшонқулов / «Дарё».

Савдо мажмуасида иш бошлаганига 7 декабрь куни икки ой тўлган Абдулла Дўлановнинг айтишича, портлаш юз берган вақтда бинода етти киши бўлган.

«Савдо марказининг иккинчи қаватидаги хоналарда уч киши ётгандик. Соат тахминан 2 ё 3 ларда портлаган. Уйғонсам, бошимдан қон кетяпти, оёғим бетон бўлаги остида қисилиб қолган, шеригим эса бақириб ёрдамга чақиряпти», — деб эслаган у.

Бунга қадар «Газета.uz» Деновдаги портлаш оқибатлари ҳақидаги фоторепортажни эълон қилган эди.