Сурхондарё вилояти Денов шаҳри марказидаги «Юбилейний» номи билан машҳур икки қаватли «Инденим» савдо мажмуасида 7 декабрь куни эрталаб соат тахминан 4 ларда портлаш содир бўлди. Бу бино конструкцияларининг қулашига ва катта ёнғинга сабаб бўлди.

Портлашнинг тахминий сабаби газ қурилмаларидан фойдаланиш қоидаларининг бузилишидир. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, бинолардан бирида тўпланган газ-ҳаво аралашмаси чақнаши содир бўлган. Воқеа сабабларига ойдинлик киритиш учун бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбай Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилган.

Ўзбекистон ФВВ матбуот хизматининг хабар беришича, портлаш оқибатида бинода тўққиз киши жабрланган. Кейинроқ бино вайроналари остидан икки кишининг жасади олиб чиқилгани маълум бўлди.

Портлаш овози воқеа жойидан бир неча километр узоқликдан эшитилган. «Инденим» биноси ҳозирда бетон каркасдан иборат, холос.

Воқеа жойида бўлган «Газета.uz» мухбири Аброр Қурбонмуратовнинг маълум қилишича, портлаш тўлқини савдо маркази яқинида жойлашган турар-жой бинолари, савдо дўконлари, умумий овқатланиш шохобчалари, маъмурий бинолар ва бошқа объектларга зарар етказган.

Кўпгина биноларда ойналар синган, деворлар ва қопламалар, эшиклар шикастланган. Денов тумани ҳокимлиги ва солиқ инспекцияси бинолари ҳам зарар кўрган. Портлаш жойи яқинидаги мактабларда дарслар бекор қилинган. Воқеа жойи ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбийлар томонидан ўраб олинган.

«Дарё» нашри бир неча маҳаллий аҳолининг ҳикояларини эълон қилди. Улардан бирининг айтишича, уйида содир бўлган портлаш туфайли деразалари синган, хоналари чангга тўлган, электр таъминоти узилган. Ташқарига чиқиш учун дарвозани зўрға очган. У ерда қичқириқлар эшитилган. У қонга беланган эркак ва аёлни кўргани, уларни тез ёрдам машинаси олиб кетганини айтган.

Воқеа гувоҳларининг яна бирининг айтишича, у бўлган уйнинг деворлари ёрилиб, шифтининг бир қисми қулаб тушиб, бошини жароҳатлаган. Унинг таъкидлашича, портлаш овозини сўз билан таърифлаб бўлмайди.

Фото