4 декабрь куни 28 ёшли аёл Андижон давлат университети 4 қаватидан тушиб кетди. Бош прокуратура матбуот хизмати ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганлигини маълум қилди.

Қайд этилишича, аёл университетга ушбу олийгоҳнинг 2-босқич талабаси оила аъзоси сифатида ота-оналар мажлисига келган.

Мажлис таъмирлаш ишлари амалга оширилаётган «Тарих» факультетининг биносида бўлиб ўтган. Шунда у бинонинг 4 қаватида уяли алоқа телефон аппаратидан фойдаланиб, эҳтиётсизлиги оқибатида тузатилаётган зиналардан юрган. Ушбу зиналар тўсиқлар билан ўралмаганлиги сабабли зинапоядан пастга йиқилган ва оғир тан жароҳати олган.

Текширув натижасида ушбу бинода таъмирлаш ишларини олиб бораётган «S.Haus» МЧЖ ишчилари томонидан зинапояларнинг тўсиқлари олиб ташланиб, қурилиш ишлари амалга оширилаётганлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан «S.Haus» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда Андижон шахар ИИОФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Андижонда фуқаро уйида ўзини осиб қўйгани хабар берилганди.