«Навбаҳор» футбол клубининг собиқ мураббийи Андрей Канчельскис унга номаълум шахслар таҳдид қилганлиги сабабли полицияга мурожаат қилди. Бу ҳақда «Eurosport.ru» нашри ёзмоқда.

Унинг сўзларига кўра, 22 ноябрь куни кечқурун кафеда ўтирган пайтида бир нечта номаълум шахслар унинг ёнига келиб, «Навбаҳор» клубидан олиши керак бўлган 1,6 млн евро маблағнинг миқдорини пасайтиришини талаб қилишган. Собиқ мураббийга 1,6 млн евро ўрнига 80 минг евро миқдоридаги товон пулига рози бўлишини сўрашган. Агар у буни рад этса, Канчельскисни ногирон қилиб қўйишларини айтиб таҳдид қилишган.

Маълумот учун, ФИФА «Навбаҳор» клуби собиқ мураббий билан шартномани бузгани учун Канчельскисга 1,6 миллион евро тўлаши кераклиги бўйича қарор чиқарган эди.

«Навбаҳор» клуби Канчельскисга уюштирилган таҳдид юзасидан баёнот бериб, клуб ФИФАнинг компенсация тўлаш ҳақидаги қарори бўйича Халқаро Спорт арбитраж судига (CАS) апелляция йўллаганини маълум қилди.

Клуб жараёнга хорижлик ҳуқуқшунос-юристлар, соҳа мутахассисларини жалб қилганлигини таъкидлаб, клуб томонидан арбитраж судига тақдим этилган далил-исботлар «суд ишида ютиб чиқиш имконини беришини» қайд этган.

«Андрей Канчельскис шахси билан боғлиқ бу каби маълумотларнинг интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда тарқатилиши россиялик мутахассиснинг келгусида CАS`да ўзини оқлаш учун қилинаётган, ўз навбатида, «Навбаҳор»га қарши фойдаланиш учун ўйлаб топилган уйдирма ва бўҳтонлар бўлиши мумкинлигини ҳам инобатга олиш даркор», дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, «Навбаҳор» ва клуб манфаатларини ҳимоя қилаётган юристлар ушбу ҳодисадан анча олдин хабардор бўлишган. Андрей Канчельскиснинг юристлари ҳодиса бўйича клуб юристлари билан боғланишганда, клуб бу ҳодисадан хабари йўқлигини, лекин ҳолат юзасидан ҳар қандай ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилган, дейилади баёнотда.

Маълумот учун, Андрей Канчельскис 2018—2019 йилларда «Навбаҳор» клубига мураббийлик қилган. 2019 йилнинг июнь ойида эса ўз лавозимини тарк этган. Бироқ, ундан икки ой ўтиб, россиялик собиқ мураббий яна ўз лавозимига қайтарилиб, мутахассис билан уч йиллик шартнома имзоланганди.

Аввалроқ, Канчельскис коронавирусга чалинганлиги ва шифохоналар бандлиги сабабли дарҳол шифохонага ёта олмаганлиги ҳақида хабар берилган эди.