Ер ости ва ер усти метро бекатларида савдо ва хизмат кўрсатиш майдончалари ташкил этилади ва тадбиркорларга электрон аукцион шартларида ижарага берилади. Бу ҳақда «Тошкент метрополитени» ДУК мутасаддилари иштирокида АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилинди.

Қайд этилишича, президент қарорига мувофиқ метрополитен учун йил охиригача 5 та, 2022 йилда 14 та тўрт вагонли метро поездлари харид қилинади ва поездларнинг сони 80 тага етказилади. Натижада метро поездларининг ўртача ёши 38 ёшдан 26 ёшга қисқариши айтилган.

Қарорга мувофиқ, 32 хил турдаги эҳтиёт қисмлар ва ускуналарнинг харид қилиниши эскирган 44 та метро вагонларини қайта таъмирлаб, уларнинг кунлик ишлаш соатини узайтириш имконини беради. Шу билан бирга, йўлларда техник сабаб билан туриб қолиш ҳолатлари кескин камаяди, ҳаракат хавфсизлиги таъминланади.

Замонавий реклама воситалари (электрон дисплей) ўрнатилиши ҳисобига рекламалар сонини 3−4 баробарга ошириш режалаштирилган.

Қарорга асосан метрополитенни узоқ муддатли 2022−2030 йилларга мўлжалланган тизимли ривожлантириш имконияти пайдо бўлиб, унинг молиявий-иқтисодий аҳволи, метро вагонларини ишлаб чиқарилиши, метро линияларини янгича лойиҳалаш ва қуришда янгича ёндашув натижасида сарф-ҳаражатларни 20−30 фоизга камайтириш мўлжалланмоқда.

Аввалроқ метрополитен фаолиятини ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш стратегиясини ишлаб чиқиш учун илғор хорижий тажрибага эга консультантларни жалб этиш режалаштирилганлиги ҳақда хабар берилган эди.