Uzbekistan Airports Янгиҳаёт тумани ҳокимлиги билан биргаликда янги яшил ҳудуд барпо этилиб, қарийб икки мингта дарахт экилди, деб хабар берди компания матбуот хизмати.

Тадбир «Яшил макон» республика лойиҳаси доирасида ўтказилган. Икки километрдан ортиқ ва тахминан етти гектар майдонга эга бўлган, кенг ариқ билан ажратилган ҳудуд келгуси йилларда пиёдалар йўлаклари, скамейкалар ва болалар майдончалари бўлган чиройли яшил майдонга айланади, дейилади хабарда.

Ушбу фикрни амалга ошириш мақсадида Uzbekistan Airports шаҳар ҳокимиятига мурожаат қилган ва Янгиҳаёт туманида мос жой топилиб, кўкаламзорлаштириш ишлари бошланган.


«Биз президентнинг дарахт экиш бўйича фармойишларига жуда катта масъулият билан ёндашдик. Бизда акция учун, ҳисобот бериш учун ёки чиройли фотосуратлар учун ҳаракат қилиш мақсади бўлмади, аксинча одамлар учун боғ барпо этиш ғояси туғилди», дейилади Uzbekistan Airports хабарида.

Қайд этилишича, биринчи босқичда дарахтларни экиш ва ёзгача-йўлакчларни ётқизиш, скамейкаларни ўрнатиш, ва авиация мавзуларида ўйин майдончаларини қуриш мақсад қилинган.

«Биз узоқ вақт давомида мос келадиган жой топа олмадик, чунки, боғ учун асосий шартлардан бири — суғориш тизими ҳисобланади. Янгиҳаёт туманида турар жой мажмуаси бўйида ариқ билан ажратилган кенг йўлак топилди. Биз бу жойни „Авиация соҳил бўйи“ деб ҳам номлаб бўлдик», — дейди Uzbekistan Airports АЖ бошқаруви раиси Раъно Жўраева.

Ўтган якшанба куни Uzbekistan Airports жамоаси Янгиҳаёт тумани ҳокимлиги ва миллий гвардия ходимлари билан биргаликда ушбу жойга икки мингга яқин дарахт экди.

«Бизнинг туман ҳали жуда янги, юзлаб уйлар қурилган, лекин ижтимоий инфратузилма — мактаблар, болалар боғчалари, боғлар, сайир қилиш жойлари ва болалар майдончаси ҳам керак. Шунинг учун аэропорт ҳомийлигида яшил йўлак, яъни хиёбон ташкил этиш ғояси менга жуда ёқди», — дейди Янгиҳаёт тумани ҳокими Хаёт Инағомов.


«Бу ерда дарахт экиш, пиёдалар йўлакларини ётқизиш бўйича дастлабки режамиз бор эди, шунинг учун биз Uzbekistan Airports вакиллари билан келишган ҳолда якшанба куни иш бошладик. Тан олиб айтишим керакки, Акциядорлик жамиятининг бундай ташаббус билан чиққани яхши бўлди. Маҳаллий аҳоли ҳам ўз уйлари яқинида яшил боғ пайдо бўлишидан жуда хурсанд бўлиб, кўчатларга ғамхўрлик қилишда ёрдам беришга ваъда бердилар».

Президент Шавкат Мирзиёев 2 ноябрдаги йиғилишда дарахт экиш бўйича «Яшил макон» кенг кўламли миллий лойиҳаси доирасида «долзарб 40 кунлик» ни эълон қилиб, ҳар йили 200 млн туп дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилганини маълум қилган.