Аввалроқ, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида декан ўринбосари ўз хонасида 3 курс талабасига тегажоғлик қилгани ва қиз қаршилик кўрсатгандан сўнг уни деразадан итариб юборгани ҳақида хабар берган эдик. Ҳолат юзасидан декан ўринбосарига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан назоратга олингани маълум қилинган.

Мазкур воқеа юзасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўрганиш ва суриштирув ишларини олиб бораётганини ҳақида хабар берди.

Вазирлик маълум қилишича, ўрганиш натижалари бўйича жиноятда гумонланувчи университет масъул ходимига нисбатан қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилади. Шунингдек, ушбу ҳолатга йўл қўйган университет раҳбарияти ва масъулларига нисбатан ҳам қатъий ташкилий ва интизомий чоралар кўрилиши ҳам кўзда тутилган.

«Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талаба-қизларнинг шаъни ва номусига қарши ҳар қандай хатти-ҳаракатларни кескин қоралайди ва, албатта, бу каби ҳолатларга қарши қатъий курашади», — дейилади хабарда.

Вазирлик шунингдек, тез орада бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тезкор мурожаат қилиш имконини берадиган махсус портал яратилиши ҳамда ишга туширилиши ҳақида таъкидлади.

«Ўрганишлар натижаси бўйича объектив тафсилотлар қўшимча тарзда маълум қилинади», — дейилади хабарда.

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жабрланувчи Муштарибону Камилова саломатлиги жиддий назоратга олингани ҳақида маълум қилинди. Унга барча зарур тиббий ёрдамлар кўрсатилаётгани ва муолажа жараёнлари давом этаётгани таъкидланди.

Тезкор текширувлар натижасида унга кататравма, қўшма жароҳат, ўнг ўтиргич ва қов суякларининг синиб силжиши, қуймуч суягининг ўнг томонда синиб қониқарли туриши, бешинчи бел умуртқаси ён ўсиғининг синиб қониқарли туриши, бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, пешона соҳаси эзилиб йиртилган жароҳати, травматик шок иккинчи даражаси ташхислари қўйилган.

ССВ маълумотларига кўра, бемор олиб келинганида пешона соҳасига бирламчи жарроҳлик ишлови берилиб, тикилган. Шокка қарши амалиётлар ўтказилиб, марказнинг травматология бўлимига ётқизилган. Шундан сўнг мазкур бўлимда белгиланган стандартлар асосида унда қатор терапия амалиётлари бажарилган. Шунингдек, ҳар куни жароҳатига хирургик ишлов берилган. Уч кун давомида динамикада УЗИ қилинган. Қон таҳлиллари текширилган. Қўшимча мутахассислар жалб қилинган.

«Ҳозир беморнинг динамикада аҳволи қониқарли. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг тажрибали шифокорлари томонидан муолажалар давом эттирилмоқда», — дейилади ССВ баёнотида.