2 ноябрь куни президент дарахт экиш бўйича «долзарб 40 кунлик» эълон қилган эди. Эртасига барча вилоятлар ҳокимликлари кўчат экиш бўйича бошланган ишлар юзасидан ҳисобот бера бошлади. «Газета.uz» Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтининг Ихота ўрмонзорлари ва ўрмон мелиорацияси лабораторияси мудири, Zamin халқаро жамоат фонди Васийлик кенгаши аъзоси, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Зиновий Новицкийдан Тошкент шаҳри ва Оролбўйи мисолида дарахт экиш ва парвариш қилиш ҳақида сўзлаб беришни сўради (Зиновий Новицкий Орол денгизининг қуриган тубида иш олиб бориш бўйича 40 йиллик илмий тажрибага эга, биз унинг собиқ денгиз ўрнида ўрмон плантацияларини яратиш ҳақидаги мақоласини эълон қилган эдик).

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Тошкент — яшил шаҳар, унда кўплаб турли дарахтлар ўсади. Бироқ уларнинг ҳаммаси ҳам зарур агротехник парваришни олмайдилар. Кўпгина дарахтлар, айниқса игнабаргли дарахтлар зараркунандалар ва касалликларга таъсирчан бўлиб, бу уларнинг қуришига, охир-оқибат ўлимига олиб келади. Янги майдонларда кузга бормай қуриб, ўлиб қоладиган қарағай ва арчалар экилаверади.

Магистрал ва темир йўллар бўйлаб ихота ўрмон плантацияларини барпо этишда халқаро тажрибани ўрганиш ва уларни бизнинг шароитимиздан келиб чиққан ҳолда қўллаш зарур.

Масалан, Одесса-Кишинёв ёки Теребовля-Тернопиль (Украина) йўллари бўйлаб йўлнинг икки томонида дастлаб ёнғоқ ёки гилос экишган, сўнгра 3−5 метрдан кейин шамол тўсувчи ва қордан ҳимояловчи ўрмон дарахтзорлари ташкил этилган. Бунда бир қатор тоғолча, бир қаторга эса тут, сўнгра бир қатордан скумпия (манзарали дарахт), калина (бодрезак, бута), қизил (мевали бута), олхўри, қорағат (смородина), олча, ўрмон ёнғоғи (фундук) ва бошқа Ўзбекистон шароитида барқ уриб ўсадиган турларни экиш мумкин. 5 км узунликдаги ҳар бир «полоса»га йўл устаси бириктирилган бўлиб, улар ўсимликлар ҳолатини кузатиб боради.

Ўсиб келаётган авлодни маданиятли қилиб тарбиялаш, уларда ҳар бир новда, ҳар бир ўсимликка эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳиссини шакллантириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бунга энг аввало оиладаги тарбиявий ишлар ва ота-оналарнинг шахсий намунаси, кейин эса мактабда эришилади.

Болалигимдан хотиралар: ота-онам билан мана шу ихота ўрмон белбоғларига қизил, тоғолча, тут, олча йиғиш учун борардик — улардан мураббо тайёрлардик. Гилос йиғардик, ундан онам якшанба куни биз учун мураббо тайёрларди. Худо кўрсатмасин, кимдир дарахт шохини синдирса — ўз тенгдошлари, синфдошлари, қўшниларининг жанжал ва танбеҳларига сабаб бўларди. Ҳаммамизга мева териб олишга рухсат бериларди, лекин шохларини синдириб ташламас эдик. Қанча ёнғоқ йиғардик? Шу билан бирга, биз, болалар, дарахтларимиз яхши ўсиб, кўпроқ мева бериши учун ҳаракат қилардик, уларнинг остига гўнг сепардик.

Мен санаб ўтган барча дарахтлар Ўзбекистонда яхши ўсади ва модомики биз табиатимизни яхши томонга ўзгартиришни хоҳлар эканмиз, шундай ёндашув бўлиши керак, бироқ бу бир марталик акция бўлмаслиги лозим.

Дарахтзорларни ташкил этиш ҳақидаги маълумотлар ишончли бўлиши ҳамда уларда икки рақам: баҳорда қанча кўчат ўтқазилгани ва сентябрда уларнинг қанчаси яшаб кетгани айтилиши керак.

Ва келгуси баҳорда қанчаси тирик қолгани ҳақида маълумотга эга бўлиш мақсадга мувофиқдир. Агар ўсимликларнинг бир қисми нобуд бўлса, уларни алмаштириш ва бўш жойларнинг бўлишига йўл қўймаслик керак.

Хонободда (Андижон вилояти) кўчат экиш. Фото: t.me/Xonobodpress.

4 ноябрь куни рўй берган ва мамлакатимизга улкан зарар етказган, йўлидаги барча нарсаларни тупроқ зарралари билан қоплаган чанг бўронига барчамиз гувоҳ бўлдик.

Бу бўрон икки сабабга кўра рўй берган бўлиши мумкин эди. Биринчиси, охирги йилларда дарахтлар турли баҳоналар билан оммавий равишда кесилмоқда. Дарахтларни кесганларнинг асосий баҳоналари уларнинг касал эканликларидир. Кечирасиз, уларни ким шундай аҳволга келтирди, нега зараркунанда ва касалликларга қарши кимёвий тозалаш ишлари олиб борилиши керак бўлган тегишли ташкилотлар буни амалга оширмади? Мана шуни аниқлаштириб олишимиз керак, кўп йиллик дарахтларни кесиш эмас.

Иккинчи сабаб — Орол денгизининг қуриши муаммоси, унинг қуриган тубида аллақачон ўрмон плантациялари яратилган, аммо улар ҳали жуда кам ва қумларнинг осонгина кўчишидан ҳимоя қила олмайди.

Қарши шаҳрида кўчат экиш. Фото: t.me/qashvilhokimligi.

Менинг олдимга одамлар келиб, бундай бўроннинг нима учун содир бўлгани, бутун мавжудотларга зарар етказгани, аввал ҳам шамоллар бўлгани, лекин ҳавони тупроқ заррачалари билан тўйинтирган бундай бўрон шу вақтгача кузатилмаганини сўрашмоқда.

Жавоб битта — бизнинг табиатга бефарқлигимиз, ўсимликлар қатламини йўқ қилишимиз, дарахтларни кесиб ташлаганимиз. Одамлар табиатга нисбатан муносабатларини ўзгартиришлари, уй-жой, дўкон ва бошқалар қуришдек ўткинчи ўю-ҳаваслари йўлида дарахтларни кесишни бас қилишлари учун яна нима содир бўлиши керак?

Ҳа, Орол муаммосини ҳал қилишга ҳам янада самаралироқ муносабатда бўлиш керак. Шиорлар билан иссиқ кабинетларга яширинмасдан, [денгизнинг] қуриган тубида ишчилар билан бирга самарали ишлаш лозим. Президентимиз ташаббуси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг моҳирона меҳнати билан бугунги кунда Орол денгизининг қуриган тубида 1 миллион 550 минг гектар майдонда ўрмонзорлар барпо этилди, бироқ бу ишлар бир неча йиллардан кейин шамолга қарши вазифаларини тўлақонли адо этишни бошлайди.

Шу боис, Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган «Яшил макон» лойиҳаси ўз вақтида ва ҳаётий зарур ҳисобланиб, яқин кунлар амалиёти шуни кўрсатганидек, мамлакатимиздаги экологик вазиятни яхшилашда ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Оролбўйида «Яшил Макон» лойиҳаси қандай амалга оширилади?

«Яшил Макон» лойиҳаси Оролбўйида мавжуд плантацияларнинг экологик ҳолатини ўзгартиришга ёрдам беради.

Аввало, Оролбўйида ишларни амалга оширишдан олдин экиладиган майдонлар, навлар ассортименти, экиш материаллари етказиб бериладиган жойлар ҳамда ўрмон плантацияларини ташкил этиш ва улар парваришига масъуллар кўрсатилган ҳисоб-китоб ва технологик хариталарни ўз ичига олган Оролбўйи аҳоли пунктларида ўрмон плантацияларини ташкил этиш лойиҳасини ишлаб чиқиш зарур.

Қишлоқларда кўча ёқаларига кўчатлар, биринчи навбатда терак ва қарағай кўчатлари ўтқазилади, ариқлар ётқизилади. Ушбу плантацияларнинг ҳолати учун жавобгарлик маҳалла қўмиталари зиммасига юклатилади.

Қишлоқларда ҳар бир дарахтга томчилатиб суғориш усулини олиб келиш қийинлигини инобатга олган ҳолда экиш пайтида кўчат чуқурига сув сақловчи полимер наномоддалар (гидрогель) ётқизилади. Мазкур услуб суғоришлар миқдорини сезиларли даражада камайтириш ва сувни тежаш имконини беради.

Оролбўйи шаҳарларида навлар ассортиментини кенгайтириш мумкин, лекин бу ерда ҳаво ҳароратининг 30 даражагача совуққа тушишини ҳисобга олиш зарур, бундай ҳароратда ҳамма дарахтлар ҳам яшаб қололмайди — музлайди ва нобуд бўлади.

Юқоридаги барча жиҳатлар Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг илмий бўлинмалари томонидан белгиланади.

Орол денгизининг қуриган тубида чўл ўсимликлари уруғини экиш ишлари ноябрь-декабрь ойларида давом эттирилади. У ерда барча ўрмон-мелиоратив ишлар Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтида қўлга киритилган илмий ишланмалар асосида олиб борилади. Уларнинг бажарилиши лойиҳа координатори томонидан қатъий назорат қилинади ва шунинг учун ҳеч қандай оғишлар бўлмайди. Барча ишлар агротехник муддатда, пастки чўкинди турларини ҳисобга олган ҳолда қатъий равишда амалга оширилади.

Бироқ сўнгги йиллар жуда қуруқ келгани ва прогнозда ҳеч қандай яхши нарсани кутилмаётганини ҳисобга олсак, намликни сақлаб қолиш учун сув сақлайдиган наномоддалардан фойдаланишни бошлаш керак.

Бундан ташқари, лойиҳани амалга ошириш учун ем-хашак ўсимликлари уруғларини йиғиш ҳажмини кенгайтириш ҳамда уларни униб чиқиш ва ер қопламини (яйловларини) шакллантириши учун аллақачон яратилган саксовул плантацияларига сепиш мақсадга мувофиқдир.

Шундай қилиб, мавжуд саксовул плантациялари шамол тезлигини пасайтиради ва биз ем-хашак ўсимликлари уруғини эккан қатор оралиқларида микроиқлим кўрсаткичларини яхшилайди, бу эса икки-уч йилда биринчи ярусда саксовул, иккинчисида эса яйлов ҳосил қилувчи ем-хашак ўсимликларидан иборат икки компонентли плантациялар олиш имконини беради.

Янги кўчатларни экишда ўтмишдаги хатолардан қандай қочиш керак?

Шаҳар ва аҳоли пунктларида кўчат экиш ишларини бошлашдан олдин лойиҳа ишлаб чиқилиши керак. Унда ташкил этилаётган плантацияларнинг дизайни ва эстетиклиги ҳисобга олиниши лозим. Лойиҳасиз кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмаслиги зарур.

Кўкаламзорлаштиришда, биринчи навбатда, маҳаллий дарахт ва бута турларига асосланиб, улар йўқ бўлгандагина бошқа турларни хориждан олиб келиш мумкин.

Хоразм вилоятида кўчат экиш. Фото: t.me/xorazm_uz_official.

Кўкаламзорлаштиришда биринчи навбатда маҳаллий дарахт ва бута навларига таяниш, улар бўлмаган тақдирдагина хориждан бошқа турларни олиб келтириш мумкин.

Бардошли ва кенг япроқли турлардан кўпроқ фойдаланиш ва мажбурий томчилаб суғориш тизимини жорий этиш зарур.

Тупроқда намликни узоқроқ вақт сақлаб туриш учун экиш чуқурига намлик сақловчи полимер наномоддалар жойлаштирилиши керак.

Экиш ўсимликлари агротехник парвариш, биринчи навбатда минерал ва органик ўғитларга эҳтиёж сезади.

Кўчалар, шаҳарлар ва аҳоли пунктлари бўйлаб мавжуд барча кўчатларнинг энтомологик ва фитопатологик харитасини тузиш зарур. Зараркунандалар ва касалликларнинг турларини аниқлаш, уларга қарши курашиш чораларини белгилаш ва зудлик билан курашни бошлаш лозим.