Шавкат Мирзиёев раислигида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда, дея хабар берди президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Давлат раҳбари ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослигидан келиб ушбу ҳудуд учун мос бўлган дарахт кўчатларини кўпайтириши зарурлигини таъкидлади.

Мисол учун, Андижон, Пахтабод ва Марҳамат туманларида 30 дан зиёд павловния етиштирувчи хўжаликлар ташкил этилган ва ҳозирда улар 5 млн дона кўчатлар экишга тайёр.

Бундай хўжаликларни қўллаб-қувватлаш учун ҳамда аҳолини сифатли кўчатлар билан таъминлаш мақсадида ҳар бир ҳудудда «Яшил замин» жамғармалари ташкил этилади. Вилоят ҳокимларига октябрь-ноябрь ойларида «Яшил замин» жамғармаси маблағлари ҳисобидан камида 5 млн туп мевали ва манзарали дарахт кўчатларини аҳолига бепул тарқатиш топшириғи берилди.

«Республикадаги 300 га яқин истироҳат боғи турли вазирлик ва идораларга қарашли бўлиб, уларнинг аксарияти қаровсиз, десак бу ҳам ҳақиқат», — деди давлат раҳбари.

Вилоят ҳокимларига йил якунига қадар истироҳат боғларида аҳоли учун «сокин ҳудуд"ларни ташкил этиш топширилди. Бунда, мазкур боғларнинг камида 60−70 фоизи «яшил ҳудуд» бўлиши керак ва ушбу ҳудудларда бино-иншоотлар қурилишига рухсат берилмайди.

Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида 1 тадан сайилгоҳ (жами — 12 та), «яшил майдон» ва аллея (жами — 25 километр), кўп қаватли уйлар жойлашган маҳаллаларнинг ҳар бирида «яшил майдон"лар ташкил этиш лозимлиги айтилди.

Таъкидланишича, пойтахтнинг 60 километр канал бўйлари, 250 километр пиёда йўлаклари атрофига манзарали дарахтлар экиш керак.

Аввалроқ, президент топшириғига кўра, октябрь-ноябрь ойларида 55 млн дона, келгуси йил баҳор мавсумида 70 млн дона тут, павловния, мевали ва манзарали дарахтлар, шунингдек тез ўсувчи ва бошқа кўчатлар экилиши ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, йил якунига қадар шаҳарлар ва туман марказларида 16 млн дона мевали, ёнғоқ манзарали ва дарахтлар бута кўчатлари экиш топшириғи берилди.