Шавкат Мирзиёев 2022 йил Венгрияга бориши кутилмоқда. Бу ҳақда Венгрия бош вазири Виктор Орбан президентнинг сайловда ғалаба қозонгани муносабати билан йўллаган табригида маълум қилди.

«Келгуси йилда Будапештда расмий ташриф доирасида Президент жаноблари билан шахсан учрашишдан умидворман ҳамда ушбу ташриф муносабатларимизни мустаҳкамлаш учун яна бир имконият бўлишига ишонаман», — дейди Венгрия бош вазири қутловида.

Март ойи охирида Венгрия бош вазири Виктор Орбан Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёев билан мулоқот ўтказган эди. Тошкентда Ўзбекистон ва Венгрия мамлакатлари ўртасидаги стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларация ҳамда ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган яна 9 та ҳужжат имзоланган. Мамлакатлар бандлик, атом энергетикаси, қишлоқ ва сув хўжаликлари соҳаларида ҳамкорлик қилишни режалаштирмоқда.

Сентябрь ойи охирида Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров «Ипотека-банк» давлат улушининг 75 фоизини Венгриянинг ОТP Bank банки сотиб олаётганини маълум қилган эди.