Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Венгрия бош вазири Виктор Орбан Ўзбекистонда бўлиб турибди.

30 март куни Кўксарой қароргоҳида олий мартабали меҳмонни расмий кутиб олиш маросими бўлди.


Маросимдан сўнг, Ўзбекистон ва Венгрия раҳбарларининг мулоқоти аввал тор доирада бўлиб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев ушбу ташриф икки давлат ўртасидаги алоқаларда янги даврни бошлаб беришини таъкидлади. Виктор Орбан Ўзбекистонга келганидан мамнунлигини билдириб, Венгрия Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини қайд этди.

Музокарада сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Томонлар Ўзбекистон — Венгрия муносабатларини ўзаро ишонч ва кенг доирадаги умумий манфаатларга асосланган стратегик шериклик даражасига кўтаришга тайёр эканлигини тасдиқлади. Узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли янги соҳаларни ишга солиш, ишбилармон доиралар ва ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни қўллаб-қувватлашга келишиб олинди.

Томонларни қизиқтирган халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилди. Тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича қарашлар ва ёндашувлар умумий экани тасдиқланди.