2023/2024 ўқув йилидан Тошкент давлат юридик университетига ўқишга киришда ҳуқуқий фанлардан тест топшириш амалиёти жорий этилади. Бу ҳақда университет матбуот хизмати хабар берди.

Бугунги кунда Тошкент давлат юридик университетига ўқишга киришда абитуриентлар 2 та бўлимдан иборат 5 та фан мажмуасидан тест синовлари топширади. Булар:

  • 1-бўлимда барча йўналишлар учун мажбурий 3 та фан — она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи;
  • 2-бўлимда юриспруденсия таълим йўналиши бўйича 2 та фан — тарих ва чет тили фанлари.

«Мазкур ҳолат, яъни „юриспруденция“ таълим йўналишига мос фанлар бўлимида номутахассислик (тарих) фанининг белгиланиши умумий ўрта таълим ва олий юридик таълим ўртасида узвийликнинг таъминланмаслигига, мактабда ҳуқуқшунослик фанига бўлган қизиқишнининг пасайишга ҳамда оқибатда олий таълимга келган талабада ҳуқуқий фанлар бўйича зарур билим шаклланмаётганлигига олиб келмоқда», — дейилади хабарда.

Тошкент давлат юридик университетига ўқишга киришда 2023/2024-ўқув йилидан бошлаб тест синовларининг 2-блоки, яъни юриспруденсия бакалавриат таълим йўналишига мос фанлар бўйича тарих фани ўрнига ҳуқуқий фанларни киритиш масаласи университет кенгашида кўриб чиқилди ва маъқулланди.

Мазкур таклифнинг жорий этилиши бир қатор ижобий натижаларга хизмат қилиши айтилди, хусусан:

  • мактаб ёшиданоқ болаларнинг ҳуқуқий фанларни чуқур ўзлаштиришига, конституция ва қонунларни пухта ўрганишига;
  • мактабларда сифатли, халқаро стандартларга мос юридик дарсликларнинг яратилишига;
  • ҳуқуқшунослик фанларидан таълим берувчи ўқитувчиларга нисбатан қўйиладиган талаблар ошиши натижасида уларнинг малакасини доимий ошириб бориши учун мустаҳкам замин яратишга;
  • ТДЮУга дастлабки ҳуқуқий билимларга эга ёш авлод вакиллари кириб келишига эришилади.

Маълумот учун, бугунги кунда умумий ўрта таълим мактабларида 4 йил давомида юқори синфларда Давлат ва ҳуқуқ асослари ҳамда Конституциявий ҳуқуқ асослари фанлари ўқитиб келинмоқда. Тест саволлари ушбу дарсликлар асосида тузилади.