Токиодаги Олимпиада ўйинларидан сўнг 46 ёшли ўзбекистонлик гимнастикачи Оксана Чусовитина спортдаги фаолиятини якунлаганини маълум қилди. У гимнастика тарихида саккизта ёзги олимпия ўйинларида қатнашган ягона спортчи ҳисобланади. Ушбу олимпиадаларнинг тўрттасида, жумладан, олтин медаль қўлга киритилган 1992 йилги мусобақаларда Чусовитина Светлана Кузнецова мураббийлиги остида қатнашган. «Газета.uz» мураббийдан спортчиларни тарбиялаш, миллий гимнастикадаги камчиликлар, Оксана Чусовитинанинг даҳолиги ва катта спортга қайтиши ҳақидаги фикрларини сўради.


Пусандаги 2002 йилги Осиё ўйинлари. Светлана Кузнецованинг шахсий архивидан.

— Қандай қилиб мураббий бўлгансиз ва нима учун мураббий бўлишни истагансиз?

— Мен ҳар доим спорт гимнастикасини яхши кўрганман ва ўзим ҳам шу спорт тури билан шуғулланганман. Акс ҳолда мураббий бўла олмасдим. Спорт гимнастикаси — таваккалчилик, жасорат, чаққонлик ва куч билан уйғунлашган гўзаллик ҳисобланади. Ота-онам гимнастика билан шуғулланишимни исташмаган, лекин мен бўш келмасдан спорт мактабига борганман. Сўнг улардан яширинча Жисмоний тарбия институтига ўқишга кирдим. Ўша пайтларда мураббийлик мен учун вақтинчалик машғулот деб ўйлардим. Аммо кейинчалик бу соҳа ҳаётим мазмунига айланди.

— Мураббий бўлмаганингизда, қайси соҳада фаолият олиб борган бўлардингиз?

— Менинг қизиқишларим жуда кўп. Мен ҳамма нарсани ўрганишни яхши кўраман. Ёшлигимда физика ва математикага роса қизиқардим. Ҳаттоки, космос билан боғлиқ электромагнит тўлқинларини ҳам ўрганмоқчи бўлганман. Аммо гимнастика ҳам кичик космос ҳисобланиб, бу ерда ҳам ҳайратда қолдирадиган трюклар мавжуд. Вестибуляр аппаратни машқ қилдириш нафақат астронавтлар, балки гимнастикачилар учун ҳам жуда муҳим.


— Спортчилар кўп вақтларини мураббийлари билан ўтказишади. Ҳаттоки, улар мураббийларини оила аъзоси деб ҳисоблашади. Ушбу гапга қўшиласизми?

— Оксанага 22 йил, 2004 йилгача устозлик қилганман. Менга унинг иккинчи онаси эканлигимни айтишганида, мен буни инкор қилганман ва унақа эмаслигини унга ҳам тушунтирганман. Менинг қизим ҳам гимнастика билан шуғулланади. Машғулот пайтида мен унинг онаси эканлигимни унутаман ва мураббий Светлана Михайловнага айланаман. Оксана билан ишлашни тўхтатганимиздан сўнггина мен унинг «онаси»га айланган бўлсам керак.

Ҳозир мен мураббий ва спортчи она-бола эмас, балки шерик бўлиши керак деб ҳисоблайман. Лекин тригонометрияда бўлгани каби улар турли даражаларда, турли текисликларда бўлишади. Агар мураббий енгил обрў кетидан қувса ёки спортчига паст назар билан қараса, шогирд яхши натижаларга эришмайди ёки бу натижалар қисқа муддатли бўлади.

Мураббий ўз фарзандларидан ҳам кўпроқ спортчилари тўғрисида қайғуради. Мураббийнинг боласи истаган вақтда овқат ейиши мумкин, аммо спортчининг махсус режими мавжуд. Фарзандингиз бемалол фильмларни томоша қилиш мумкин, спортчи эса тикланиши лозим.

Мен инсоннинг имкониятлари деярли чексиз эканлигига ишонаман. Аммо спортчиларнинг ўзлари ўз имкониятлари чегарасини кенгайтира олишмайди. Бу биргаликда, ҳамкорликда бажариладиган иш. Спортчи ҳеч қачон мураббийсиз ишлай олмайди, жумладан Оксана ҳам доим кимнингдир раҳбарлиги остида ишлайди. Мураббийсиз спортчи энг бахтсиз одам бўларди.

Машғулотлар давомида мураббийнинг шогирдларига раҳми келмайди. Гимнастикачилар умидсизликка тушганларида ҳам спортда ўзига хос талаблар борлигини билишлари лозим. Мураббий талабчан бўлиши зарур, лекин эксплуататор ёки шафқатсиз эмас.

Мураббий спортчининг оғир машғулотдан кейин ҳам қувонч ҳис қилишига эришиши керак. Спорт азоб манбаига айланиб қолмасин. Аксинча, спорт ҳаёти унутилмас воқеликка айланиши керак. Шогирдлар улғайгач, бу унутилмас ҳаётни мураббий билан бирга хотирлашади. Мусобақа олдидан ўтказиладиган машғулотларда шогирдларим шундай ажойиб лаҳзаларни бошдан кечирадиларки, ердан кўтарилиб, учиб кетадиганга ўхшайди — бу туйғуларни сўз билан тушунтириб бўлмайди.

Мураббий топағон бўлиши керак. Агар у болалар билан ишласа, болага айланиши лозим. Болалар билан босқичма-босқич қадам ташлаш, лекин шу билан бирга, улар учун билим ва ҳаракатда намуна бўлиш керак.

Барча одамлар, шу жумладан болалар ҳам ўз қадр-қимматига эга. Болаларни ҳурмат қилиш, улар билан ҳисоблашиш ва улар билан гаплашиш лозим. Катталар кўп нарсани тушунишади, болаларни катта дунёга олиб кириш учун эса мураббийга эҳтиёж сезилади.

— Шогирдларингизга қандай қадриятларни сингдирасиз?

— Инсон спортга келдими, бу иш билан ҳалол шуғулланиши керак. Ҳар қандай ишда ҳам шундай аслида. Шунингдек, ўзаро ҳурмат, бошқаларнинг вақтини ҳурмат қилиш ва тартиб-интизом каби хусусиятларни жуда қадрлаймиз.

Болалар шафқатсиз бўлишади. Уларни оддий нарсалар орқали раҳмдил бўлишга ўргатиш керак. Масалан, йиқилган ёки бирор нарса қўлидан келмаганлар устидан кулмасликни ўргатиш. Баъзида болалар хато қилиб қўйишади, шунинг учун уларнинг эътиборини ўша вазиятга қаратиб туриш ва тўғри йўлни кўрсатиш керак. Баъзан уларни жазолашингиз ҳам мумкин, лекин буни ҳам эплай билиш керак.

Биз, шунингдек, ватанга муҳаббат туйғуларини сингдирамиз. Ватанга муҳаббат ҳаётнинг ўзгармас қонуни ҳисобланади. Шоҳсупада турганингизда шарафингизга мадҳия янграса, фахр туйғусини ҳис қиласиз. Бошқача бўлиши мумкин эмас.

Мен бу ахлоқий қадриятларга катта аҳамият бераман. Аммо моддий манфаат ҳам яхши мотивация бера олади.

— Ғалаба қозониш учун спортчи қандай хусусиятларга эга бўлиши керак?

— Кўпинча спортчининг техникаси етарли бўлди, тактикаси тўғри танланди, лекин матонат етишмагани боис ғалаба қозона олмади дейишади. Оксана Чусовитина эса матонати билан ажралиб туради. Дастлаб уни ҳамма ҳам юлдуз деб ҳисобламасди. Ҳеч ким ишонмасди. Лекин унинг матонати мени ҳайратда қолдирганди. Мен буни интуитив равишда ҳис қилардим.


2012 йилги Жаҳон чемпионати, Венгрия. Светлана Кузнецованинг шахсий архивидан.

Мен уни ғайритабиий истеъдод соҳибаси деб айта олмайман. Ҳа, у жуда кўп машқ қилган. Лекин у ўз устида ишлади ва ўзи билан курашишга ўзини мажбурлади. У яхши сакрасада, рақсга тушишни ёқтирмасди. Оксана яхши дўст, ўз ишига ҳалоллик билан ёндашади. Бу инсоний фазилатлар унга ақл бовар қилмас муваффақиятларга эришишга ёрдам берди.

Оксана спорт шайдоси. Баъзи спортчилар зўриқишларга чидай олмай фаолиятини эрта якунлашди. Агар уларда спортга бўлган муҳаббат кучли бўлганида, асло спортдан кетишмасди. Оксананинг даҳолиги унинг чидамлилигида. Ўйлайманки, ҳар қандай даҳолик, шу жумладан юқори натижалар спорти ҳам катта ҳаётий куч ва иродани жамлашни талаб қилади.

— Шогирдларингиз қандай қоидаларга амал қилишлари керак?

— Менда махсус қоидалар мавжуд эмас. Мен болаларга тўғри овқатланишни ўргатаман. Улар ортиқча овқатлана олишмайди. Овқатдан тана учун энг фойдали моддаларни оладиган даражада таомланишингиз керак. Спортчилар тўғри сув ичиш режимига риоя қилишлари лозим. Ҳамма нарсада, ҳатто машғулотда ҳам меъёрни билмоқ даркор.

— Чемпион биринчи навбатда иқтидорли бўлиши керакми ёки меҳнатсевар?

— Бир сафар журналист мени чемпионнинг мураббийи деб атади, бироқ ўшанда қўл остимда чемпионлар шуғулланмас эди. Оксана бор эди, лекин янгилари йўқ эди. Журналист чемпионлар турли хил бўлишини айтди — шаҳар чемпионидан тортиб олимпиада чемпионигача. Бошида мен унинг гапларида ҳеч қанақа маъно кўрмаган эдим. Кейинчалик ўйлаб қолдим — у ҳақ экан.

Менга доимо биринчи ўрин керак. Аммо ҳар кимнинг қобилияти ҳар хил. Болаларни асло синдириб қўймаслик лозим. Агар спортчи қобилиятли бўлса, у чемпион бўлиши учун ҳамма нарсани қилиш керак.

Машғулотларимизда беш балллик тизимни жорий қилганмиз, болалар ўйин орқали бир-бирлари билан рақобатлашадилар. Бу усуллар рақобат муҳитини яратади ва биз болаларга ғалаба таъмини сингдириб борамиз.

Чунки туғма истеъдод камдан кам учрайди. Кўпинча мураббий, тўғри машқлар ва спортчиларнинг машаққатли меҳнати туфайли иқтидори намоён бўладиган қобилиятли болалар учрайди. Кўп ҳолатларда иқтидорли болалар муваффақиятга эриша олмайди. Дастлабки босқичда улар учун ҳамма нарса осон кечади, лекин юқори даражага эришиш учун меҳнат ёки қатъият етишмайди.

Бироқ чемпион етиштириш учун шарт-шароит керак. Мамлакатимизда гимнастикачиларни тайёрлаш учун ихтисослаштирилган спорт заллари йўқ. Олимпия захиралари коллежида бешинчи йилдирки снаряд мавжуд эмас. Ушбу бинонинг биргина зали мавжуд. Бизни бу залга ўтказишганда, снарядлар у ёқдан бу ёққа ташилиб, бузилиб кетди.

Мен спортчиларни Париж-2024 га тайёрламоқчиман, бироқ бизнинг шароит билан бунинг иложи йўқ. Тўғри, олимпиадага лицензия берадиган мусобақаларга тайёргарлик кўриш мумкин, аммо жаҳон даражасидаги гимнастика жиҳозларисиз олимпия ўйинларида натижага эришиш имконсиз иш. Шароит яратилмаса, юқори тоифали спортчиларни тайёрлай олмаймиз деб ҳар бир раҳбарга айтаман. Жуда иқтидорли болалар учрашига қарамасдан, ўрта савиядаги гимнастикачиларни тайёрлаймиз.


Мураббийлар жамоаси ҳар доим ўз ғояларига содиқ. Пулимиз кам бўлса ҳам, ҳомий топиш биз учун жуда қийин бўлса ҳам, барибир ишлашда давом этамиз. Олимпиада шоҳсупасига бир марта кўтарилганимдан кейин пастга тушишни хоҳламайман. Спортчиларни жаҳон даражасига олиб чиқишга қизиқаман.

— Шогирдларингиз ғалабасидан олдинги лаҳзаларни эслай оласизми? Чиқишдан олдин уларни қандай руҳлантирардингиз?

— Тўртта катталар ва иккита ўсмирлар тоифасидаги олимпиадада иштирок этганмиз. Катта мусобақаларда спортчига сингдирилган ҳамма нарса намоён бўлади: тарбия, техника, машғулот, ўзаро тушуниш ва яқинлик.

Спортчилар ҳеч кимни эшитмасликлари мумкин, лекин мураббийнинг овозини доимо эшитишади — у гипнозга ўхшайди. Мен гимнастикачиларни снарядга қараб созлайман. Умуман олганда, уларнинг барча ҳаракатлари автоматик ҳолатга келтирилади.

— Ғалаба ва мағлубиятни қандай бошдан кечириш керак?

Спортчининг ёнида унинг яқин одами бўлиши керак. Ғалабадан кейинги ҳис-туйғулардан сўнг шундай бўшлиқ пайдо бўладики, одам гапириш, овқатланиш ва сув ичишни ҳам хоҳламайди. Ғалабадан сўнг бир оз нафас ростлаб олиш лозим. Баъзилар, спортчининг вақтичоғлик қилиши ва интервьюлар бериши кераклигини айтади. Бироқ спортчилар асаб тизимини тартибга келтириши керак.

Катта мақсад йўлидаги муваффақиятсизлик — бу орқага эмас, олдинга ташланган қадам. Спортчи ўз хатоларидан сабоқ олиши керак. Бировнинг хатоларидан сабоқ ололмайсиз. Мағлубиятдан сўнг мураббий спортчиларни «калласини олиб ташламаслиги» керак. Балки, уларга қуйидаги сўзларни айтиши лозим: «Бу аламли. Ютқаздик. Аммо бундай рақибга мағлуб бўлиш ҳам бир шараф».

— Оксана Чусовитинанинг ғалабалари, шу жумладан 1992 йилги Олимпиададаги иштироки ҳақида гапириб берсангиз.

— Оксана 1992 йилги Олимпиада олтинини менинг қўл остимда қўлга киритди. Халқ терма жамоага қўшилишимизга ишонмасди, чунки Бирлашган терма жамоа гимнастикачилари бир-биридан устун эдилар.

Мен учун «Барселона» абадий мушакбозликка ўхшайди. Оксана олтин медални олганидан сўнг шоҳсупадан югуриб келиб, медални менга тутқазди. Меҳмонхонада медални барча ичимликлар билан «ювдик» ва жуда бахтиёр эдик. Испанияда яна бир хурсандчилик бўлганди. Оксана эркин машқларни бажариб, 10 балл олди. Ўшанда қўлларим менга дельтапландек туюлганди.

1996 йилги ўйинларда Оксана кўпкурашда 10-ўринни эгаллади, бироқ бу шунчалик шарафли бўлдики, Самаранч (Хуан Антонио Самаранч — Халқаро олимпия қўмитасининг собиқ президенти — таҳр.) ёнимга келиб, шогирдларим учун миннатдорчилик билдирди. Чунки ўша пайтда ҳамма нарса ўзгариб кетган, собиқ Иттифоқ спортчилари ўз мамлакатларини тарк этаётган эди, Оксана эса Ўзбекистонда қолди.

2000 йилги ўйинларда Оксана жуда машҳур эди, чунки у аллақачон фарзандли бўлган эди. 25 ёшли Оксана учинчи Олимпия ўйинларида қатнашди. У гимнастика ёши фақат 15−16 ёшдан иборат эмаслигини исботлади.

2004 йил Афинада бўлиб ўтган олимпиада Оксана учун унчалик муваффақиятли бўлмади. Жароҳатдан қутулиш осон бўлмаганди. Мен унга спортни тугатиш вақти келганини айтганимда у қуйидагича жавоб берди: «Сиз менга яхшилик билан тугатишни ўргатгансиз, шунинг учун давом этаман». 2008 йилда Пекинда ўтган олимпиадада Оксана Германия терма жамоаси номидан иштирок этди. Гарчи бу қоидаларга зид бўлса ҳам, мени унинг машғулотларига қўйишди.


2019 йилги Жаҳон жубоги, Париж. Светлана Кузнецованинг шахсий архивидан.

Тўртта Олимпиадада, 22 йил давомида биз у билан бирга бўлдик. Мен Лондон ва Риодаги Олимпиадада иштирок этмаганман. Шундай бўлса ҳам, Оксана билан бир-биримизни жуда яхши биламиз ва ҳис қиламиз, у қанчалик узоқда бўлмасин, Чуса барибир менинг ҳаётимда мавжуд.

Оксана Токио олимпиадасидан сўнг фаолиятини тугатишини эълон қилганида, мен у билан бирга йиғладим. Лекин шу билан бирга анча енгил тортдим, чунки мен ҳар сафар у учун қайғурардим. Унинг катта спортга қайтиш ҳақидаги режаларини билмасдим, лекин ўйлайманки бу тўғри қарор. Катта спортдан бир зумда кетиб бўлмайди.

Оксанинг Осиё ўйинларида қатнашиш қарори табиий. Жамоамиз яхши. У ўз иштироки билан ёш қизларни қўллаб-қувватлайди, унинг тажрибаси уларга яхши чиқиш қилишга ёрдам беради. Биз аъло натижаларга эришишимиздан умид қиляпмиз.

Спорт гимнастикаси ниҳоятда қийин спорт тури бўлганлиги сабабли, бу спорт турини енгил атлетикадаги ўнкурашга ўхшатаман. Токио Олимпиадасининг очилиши ва ёпилиш маросимини шарҳлаган эдим. Ўшанда ўйинларга келганларнинг ҳаммаси қаҳрамон, медаль олганлар эса кумир эканлигини айтганман.

Орадан 30 йил ўтган бўлсада, Оксана ҳали ҳам сафда. Фақатгина Чуса бунга бардош бера оларди. У ноёб иродага эга бўлган ноёб гимнастикачи.